Назарбоевнинг укаси яна бир активидан — «Барис» автомобиль бозоридан маҳрум бўлди

bizmedia.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев «Барис» автомобиль бозоридан маҳрум этилди. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.

17 апрель куни Қорасой туман суди автомобиль бозори жойлашган умумий майдони 37,6 гектар бўлган ер участкаларини олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топди.

Суд жараёни Қорасой тумани прокуратураси томонидан 2004-2019 йиллар давомида тузилган ер участкаларини олди-сотди бўйича 7 та шартноманинг ноқонунийлиги тўғрисидаги даъво аризаси билан бошланган.

Бу ҳудудлар қишлоқ хўжалиги эрларига тегишли бўлиб, уларнинг белгиланган мақсади етарли асосларсиз ўзгартирилишига йўл қўйилмасди. Давлат ерларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан Қорасой тумани ва Қаскелен шаҳар ҳокимликлари, туман ер муносабатлари бўлими шуғулланган.

Қайд этилишича, Болат Назарбоевга имтиёзлар ва устунлик берилган, бунинг натижасида ер нархи сезиларли даражада камайтирилган.

Прокуратура олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиб, ерни давлат балансига қайтаришни талаб қилган.

Аввалроқ Болат Назарбоев яна бир қанча активларини йўқотган эди. 2022 йил октабрь ойида у Олмаотадаги энг йирик улгуржи бозор – «Барис-4»ни хусусийлаштириш бўйича келишув ноқонуний деб топилгани сабабли уни давлатга қайтарганди. Жорий йилнинг февраль ойида расмийлар республика биринчи президенти укасининг шўъба корхоналарига қарашли қарийб 300 минг гектар ерни ўз балансига ўтказгани хабар қилинган эди. Март ойида қимматли қоғозларни олди-сотди шартномаларидан бири ҳақиқий эмас деб топилган ҳолда Болат Назарбоевга Олмаота оғир машинасозлик заводи акцияларининг деярли 32 фоизини давлатга қайтариш мажбурияти юкланганди.

  • Тошкентда Тимур Д'Ватцнинг «Аркадия ҳақидаги орзулар» кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди