2010 йил июнь фожиаси бўйича сиртдан судланган Карамат Абдуллаева Ўшда ҳибсга олинди

Карамат Абдуллаева. fergananews.com сайти фотосурати

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида 2010 йил июнь фожиаси бўйича 2014 йили сиртдан судланган Караматхон Абдуллаева қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Абдуллаева 22 апрель куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ва Ўш шаҳар ИИБ ҳамкорлигида қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, дейилади хабарда.

«К.Абдуллаева 2010 йилги Ўш воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида қидирувга берилган эди. 2014 йили у сиртдан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган», — деб эслатади ИИБ матбуот хизмати.

Таъкидлаш жоиз, «Фарғона» манбасига кўра, Карамат Абдуллаева Қирғизистонга ўз ихтиёри билан келган ва назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. «Хавфсизлик кучларининг уни ҳибсга олишига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди. Зеро, Абдуллаева узоқ вақтдан бери Ўшга келмоқчи бўлган, бу унинг ўйлаб босган қадами эди», — дея таъкидлайди манба.

Карамат Абдуллаева 1950 йил 4 октабрда Ўш шаҳрида туғилган, ўзбек, маълумоти олий. Халқ хизматлари соҳасида хизмат кўрсатган ходим, «Таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. 2010 йилнинг июнига қадар Евросиё жамғармаси кўмагида Ҳуқуқий ахборот марказига раҳбарлик қилган, Қирғизистон хотин-қизлар конгрессининг Ўш вилоят бўлими раиси, «Ҳамдўстлик» партиясининг Қирғизистон жануби бўйича координатори ва «Қирғизистондаги замонавий ўзбек мактаби» журнали таҳририяти аъзоси бўлган.

11 июнь куни Қирғизистон жанубида бошланган тартибсизликлар кунларида Абдуллаева мамлакат ташқарисида бўлган: аввал бизнеси бўлган Туркияда, сўнгра 12 июнь куни ватанига қайтиш учун Тошкентда учган, аммо йўллар аллақачон ёпиқ бўлган. У жўнаб кетишидан бироз аввал ўзбек миллий маданий марказлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этиб, унда Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилиши билан якунланган 2010 йил апрель инқилобидан кейин ўтказилиши белгиланган референдум ва парламент сайловларига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган.

Карамат Абдуллаева «Фарғона» нашрига берган интервьюсида Қирғизистондаги ўзбеклар раҳбарлари 7 апрель воқеаларидан кейин тузилган Муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаши, миллатлараро тўқнашувларнинг олдини олишга ҳаракат қилаётгани, можарога қирғиз тилидаги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турадиган миллатчилик руҳидаги материаллар сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.

Қирғизистон жанубида 11 июнь куни этник қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар бошланган («Фарғона» ўша воқеалар хроникасини олиб борган). Бир неча кун ичида, расмийлар вазиятни назоратга олишидан олдин, 400 га яқин одам ҳалок бўлган (норасмий маълумотларга кўра, ўлганлар кўпроқ), минглаб уйлар вайрон бўлган. Бундан ташқари, расмийлар ҳалок бўлганларнинг 70 фоизи ўзбеклар эканини, вайрон қилинган мулкларнинг аксарияти ўзбекларга тегишли эканлигини тан олишган.

Расмийлар Қирғизистондаги ўзбеклар жамияти етакчиларини тартибсизликларни уюштирганликда айблаган. Қодиржон Ботиров ва Ином Абдурасулов сиртдан умрбод, Карамат Абдуллаева 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 2018 йилнинг декабрида Қодиржон Ботиров Одессада 62 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди