Қирғизистонлик боксчи илк бор жаҳон чемпионати медалини қўлга киритади

Мунарбек Сейитбек уулу. azattyk.org сайти фотосурати

Мунарбек Сейитбек уулу бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқди ва Қирғизистон терма жамоасига жаҳон чемпионати медалини олиб келган илк вакил бўлди.

Сейитбек уулу 57 кг вазн тоифасида иштирок этмоқда. Қирғизистонлик боксчи ярим финал йўлида Пуэрто-Рико, Таиланд ва Мексикалик рақибларини мағлуб этди. У чорак финалда Тожикистон вакили Асрор Воҳидовни мағлуб этди ва навбатдаги жанг натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, жаҳон чемпионатининг камида бронза медалини қўлга киритади.

«Қирғизистон тарихида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи медали. Ҳеч бўлмаганда бронза бор», — дея ўз муносабатини билдирди қирғизистонлик, профессионал боксчи, WВА йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Бивол ижтимоий тармоқларда.

12 май куни бўлиб ўтадиган ярим финалда Сейитбек уулу ўзбекистонлик Абдумалик Халоқов билан учрашади.

Шунингдек, ўзбекистонликлардан Хасанбой Дўсматов, Ойбек Жўраев, Руслан Абдуллаев, Асадхўжа Муйдинхўжаев, Саиджамшид Жафаров, Алоҳон Абдуллаев, Лазизбек Муллоджонов, Баҳодир Жалолов, қозоғистонликлардан Санжар Ташкенбай, Маҳмуд Сабирхон, Дулат Бекбауов, Асланбек Шимбергенов, Нурбек Оралбай, тожикистонлик Баходур Усмоновлар ярим финалга чиқишди.

30 апрель – 14 май кунлари Тошкентда ХХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада 107 давлатдан 538 нафар боксчи иштирок этмоқда. Спортчилар 13 вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борадилар. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 5,2 миллион долларни ташкил этади. Олтин медал соҳиблари 200 минг доллар, кумуш медал соҳиблари 100 минг, бронза медали соҳиблари эса 50 минг доллар олади.