Қирғизистон ва Ўзбекистон Чуй вилоятида автомобиль заводи қурилишини бошлади

«Алтин Тулпар Унаа Қурулуш» заводи қурилиши остидаги капсула. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон ва Ўзбекистон Чуй вилоятининг Оқ-Сув қишлоғида янги автомобиль заводи қурилишини бошлади. Биринчи босқичда у ерда йилига 10 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган, дея хабар беради Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Оқсувдаги «Алтин тулпар унаа қурилиш» заводи мингдан зиёд аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлайди.

Янги завод қурилиши учун капсула қўйиш маросимида Вазирлар Маҳкамаси раиси, Қирғизистон Президенти Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров ва «Ўзавтосаноат» компанияси раҳбари Улуғбек Розуқулов иштирок этди.

Қайд этилишича, Қирғизистон Республикаси ҳудудида завод қуриш бўйича келишувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил январь ойида Қирғизистонга расмий ташрифи чоғида эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзавтосаноат» вакиллари Қирғизистон ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун устувор бозорлардан бири эканлигини, чунки «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» йўл коридори бутловчи қисмларнинг ҳаракатланиш вақтини қисқартириши ва шу тариқа, бу мамлакатда автомобиль йиғиш арзонроққа тушиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Ҳозирда Қирғизистонда қайси автомобиль моделлари йиғилиши маълум эмас. Ўзбекистон матбуотига кўра,

янги заводда йиғилган автомобилларнинг муҳим қисми Россия бозорига йўналтирилади, у ерга автомобиллар параллел импортнинг бир қисми сифатида етказиб берилади.

Шу билан бирга, Қирғизистон давлат корхоналари ва уларнинг шўъба корхоналари Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма автомобиль заводида ишлаб чиқарилган автомобилларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олишлари мумкин. Бундай имконият Вазирлар Маҳкамасининг 29 апрелдаги қарорида назарда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди