Туркия ҳукумати мухолифатчи видеоблогер Фарҳат Дурдиевни (асл исми Мейманқулиев) Туркманистонга экстрадиция қилди. Бу ҳақда Туркманистон Хельсинки Инсон ҳуқуқлари фонди хабар берди.
Фонд манбасига кўра, Дурдиев 19 май куни кечқурун қўлга олинган, эртаси куни эса Истанбул-Ашхобод рейси билан ватанига жўнатилган. Видеоблогернинг адвокати бу маълумотни фақат 23 май куни тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Аввалроқ Turkmen.News нашри фаол Нурмуҳаммет Аннаевнинг Ашхобод аэропортида Дурдиевни қўлига кишанланган ҳолда, «қийноққа солинган» ва «шок» ҳолатида кўришгани ҳақида хабар тарқатган эди. Унинг Youtube'даги канали ўчириб ташланган.
«Фарҳат Мейманқулиев Туркманистоннинг Истанбулдаги консуллиги талабига биноан ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, бир неча кун олдин уни кузатиб боришган. Фарҳатнинг ўзи YouTubeдаги каналида машинасига GPS-қурилмаси ўрнатилгани ҳақида далилларни кўрсатган. У бу қурилмани консуллик ходимларига алоқадор туркман ўрнатганини даъво қилган”, — дейди Аннаев “Азатлиқ” нашрига (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати).
Фарҳат Дурдиев туркман режимининг энг кўзга кўринган танқидчиларидан бири саналади. 2020 йилдан бери у YouTubeда Туркманистондаги ҳаёт ҳақида гапириб келган ва ҳукуматни, жумладан Бердимуҳаммедовларнинг отаси ва ўғлини қаттиқ танқид қилган видеороликларни чиқарган.
❗️ Айни пайтда ватанида «ислом экстремизми»да айбланаётган яна бир туркман фуқароси Аширбай Бекиев Россиядан экстрадиция қилиниши мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревга кўра, 16 май куни Бекиев Ленинград вилоятининг Волхов шаҳрида қўлга олинган. 19 май куни Санкт-Петербургнинг Красносельский туман суди уни миграция қонунчилигини бузгани учун ватанига депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган: унинг паспорти муддати аллақачон тугаган ва у ҳужжатларини янгилай олмаган, чунки бунинг учун Туркманистон расмийларига мурожаат қилиш керак эди, бу эса унинг ҳибсга олинишига замин яратиши мумкин эди.
Бекиев 4 ой муддатга Красное Селодаги 1-сонли хориж фуқароларини вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Унинг адвокати суд қарори устидан шикоят қилишга тайёрланмоқда.