Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жиноят ишлари бўйича суди жорий йилнинг январь ойида 12 ёшли қизни зўрлаш ва ўлдиришда айбланган маҳаллий фуқарони умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
Жиноят иши вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик билан боғлиқлиги сабаб, ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилган. 26 май куни судланувчи Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича:
✔️ 226-моддаси («Маъмурий назорат қоидаларини бузиш») 1-қисми;
✔️ 137-моддаси («Одам ўғрилаш») 3-қисми «б» банди;
✔️ 118-моддаси («Номусга тегиш») 4-қисми;
✔️ 119-моддаси («Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш») 4-қисми;
✔️ 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди;
✔️ 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисми «в», «ж», «з», «о» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Судланувчи хавфли рецидивист деб топилгани боис, у жазони қаттиқ режимли колонияда ўтайди.
Бундан ташқари, суд томонидан унга жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чоралари қўлланилиши белгиланди.
31 январь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўқувчи қизнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Кўп ўтмай фаоллар қизнинг жасади топилгани учун қидирувни тўхтатадилар. Гумонланувчи тезда қўлга олинган. Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, у 2022 йил ёзида қиз яшаган уйда таъмирлаш ишлари билан шуғуллангани боис уни таниган.
Эслатиб ўтамиз, қўшни давлатларда ҳам ўта шафқатсиз жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси белгиланади. Бир кун аввал ўз қизини ўн йил давомида зўрлаб келган Қирғизистон фуқароси ҳам худди шундай жазога тортилгани хабар қилинди. Қозоғистон суди, шунингдек вояга етмаган ўгай қизларига зўравонлик қилган темиртаулик фуқарони умрининг қолган қисмини панжара ортида ўтказишига доир ҳукм чиқарди.