Ўзбек-қирғиз чегарасида учта назорат-ўтказиш пункти ишини тиклайди

ECONOMIST.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбек-қирғиз чегарасида 10 йилдан кўпроқ вақт муқаддам ёпиб қўйилган учта назорат-ўтказиш пунктини очишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизматига таяниб Kaktus.Media нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томони Андижон вилоятида жойлашган «Хонобод» чегара йўл ўтказиш пункти инфратузилмасини тиклашга киришган.

«Хонобод йўл назорат-ўтказиш пункти 2010 йили Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилган эди. Биз ҳам «Бекобод-автодорожний» назорат-ўтказиш пункти фаолиятини тўхтатган эдик. Бир пайтлар ёпиб қўйилган назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини қайта тиклаш бўйича яқинда имзоланган икки томонлама келишувлардан сўнг уларни қайта тиклаш бўйича барча ишларни амалга оширдик. Худди шундай ишлар бугун ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз томонидан ҳам амалга оширилмоқда», — дея таъкидлайди Қирғизистон чегара хизмати.

2010 йили Ўш вилоятидаги «Қора-Сув» ва «Қора-Бағиш» ўтказиш пунктлари ҳам ёпилган эди. Қирғизистон томони ушбу пунктлар орқали фуқароларнинг ўтишини тиклашга тайёр.

Икки давлат расмийлари ўртасида қўшимча назорат-ўтказиш пунктларини очиш ҳақидаги келишув сўнгги бир неча йил ичида муҳокама қилинган. Мазкур пунктларни очишдан мақсад — транспорт юк оқимлари транзитини енгиллаштиришдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ