Душанбеда «Тожик Эйр» (Tajik Air) авиакомпаниясининг собиқ бош директори ва Душанбе халқаро аэропортининг собиқ раҳбари Рустам Холиқов ҳибсга олинди. Тожикистон Бош прокуратураси 26 май куни Холиқовни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилган, деб хабар беради «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) ўз манбаларига таяниб.
Нашр маълумотига кўра, Холиқов маблағларни ўзлаштириш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва фирибгарликда айбланмоқда.
«Суд Холиқовга тегишли пул ва мол-мулкни ҳибсга олган. Холиқов ўзи айбланаётган жиноятларни Tajik Air бош директори бўлиб турган вақтида содир этган», — дейди манбалардан бири.
Расмийлар Холиқовнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаган. Ҳозирча маҳбуснинг ўзи, шунингдек адвокатининг фикрини билишнинг имкони йўқ. Жиноий иш тафсилотлари ошкор этилмаган.
Холиқов 2008 йилдан 2016 йилгача «Тожик Эйр» авиакомпаниясини бошқарган. Хусусан, у Литванинг Skyroad Leasing компанияси билан самолётлардан фойдаланиш бўйича шартнома имзолаган, бироқ Тожикистон авиакомпанияси раҳбарлари ўз мажбуриятларини бажармагани учун «Тожик Эйр» литваликларга 20 миллион доллар тўлашга мажбур бўлган. Авиаташувчининг банк ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган.
Аввали ҳам Холиқов ҳибсга олинган эди: 2019 йил 4 августида у Душанбе аэропортида Истанбулга учаётган рейсдан олиб қолинган. Шундан сўнг, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинганидан сўнг, Холиқов «Тожик Эйр» авиакомпаниясидаги маблағларни ўғирлаш иши бўйича тергов якунига қадар гаров эвазига қўйиб юборилган. Манбаларга кўра, гап бир неча миллион доллар ҳақида кетаётган эди. Хусусан, Холиқов Москвадаги ҳукумат меҳмонхонасини тиклаш учун авиакомпания ҳисоб рақамларидан Тожикистон президенти ижроия аппарати ҳисобига 100 минг доллар ўтказиб бергани маълум бўлади. Бироқ, бу маблағлар ҳеч қачон авиакомпанияга қайтарилмаган. Яна бир терговга кўра, бир йил «Тожик Эйр» директори бўлиб ишлаган Рустам Холиқов мамлакат бюджетига 150 миллион сомоний (13,7 миллион доллар) миқдорида зарар етказган.
2020 йил сентябрида Холиқов Ҳисордаги «Ситабр-Агро» озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш заводини ишга тушириш вақтида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ёнида кўриниш берган. Ўшанда «Ситабр-Агро» корхонаси айнан Холиқов томонидан ташкил этилгани маълум айтилганди.
«Тожик Эйр» миллий авиаташувчиси кетма-кет бир неча йилдан бери техник ва молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Аввалроқ авиакомпаниянинг банкрот бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.