Қирғизистон 2024 йилги хоккей бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Бишкекдаги муз аренаси. prosports.kg сайти фотосурати

Хоккей бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионати III дивизионининг А гуруҳи ўйинлари Бишкекда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) расмий сайти хабар берди.

Турнир 10-16 март кунлари бўлиб ўтади. Чемпионатда олтита жамоа иштирок этади. Булар Қирғизистондан ташқари Люксембург, Мексика, Таиланд, Туркманистон ва ЖАР жамоаларидир. Мусобақалар бир турда ўтказилади. Биринчи ўринни эгаллаган жамоага II дивизионнинг В гуруҳига йўлланма берилади. Турнирда сўнгги ўринни эгаллаган жамоа III дивизионнинг В гуруҳига тушади.

ЖЧ-2023да Туркманистон терма жамоаси III дивизионнинг А гуруҳида Тайвань термасини ортда қолдириб, иккинчи ўринни эгаллади. Қирғизистон терма жамоаси III дивизионнинг В гуруҳида ғолиб чиқди ва ўз ўрнига кўтарилди. Шу тариқа, жаҳон чемпионати доирасида илк бор Марказий Осиё дербиси ўтказилади – Қирғизистон Туркманистон билан ўйнайди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон аввали ҳам хоккей бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. IV дивизиондаги мусобақалар 2020 йили Бишкекда ўтказилиши керак эди, бироқ COVID-19 пандемияси туфайли турнир кейинги санага кўчирилган ва 2022 йили бўлиб ўтган. Унинг натижаларига кўра Қирғизистон терма жамоаси III дивизионнинг В гуруҳига йўлланмани қўлга киритганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ