Садир Жапаровнинг айтишича, мустақил Қирғизистоннинг биринчи раҳбари Асқар Акаев ўз ватанига бемалол келиши мумкин, бошқа собиқ президент Қурманбек Бакиев эса унга нисбатан жиноий таъқиблар давом этар экан, чегарани кесиб ўтаётганда ҳибсга олинади. Бу ҳақда республиканинг амалдаги раҳбари «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз юритган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, Акаевга нисбатан бирорта ҳам жиноий иш қўзғатилмаган, шунинг учун мамлакат ҳукумати хавфсизлик кафолатларини бериб, ундан «Қумтор» олтин қазиб олиш корхонаси бўйича суд жараёнида гувоҳлик беришни сўраган.
«Унинг кўрсатмалари масалани Қирғизистон фойдасига ҳал қилишга ёрдам берди, чунки у давлат раҳбари бўлганида кўп нарсани билар эди. Айтишим мумкинки, у ўшанда йўл қўйган хатоларини тўғрилай олди. Келажакда «Қумтор» яна 30-40 йил Қирғизистон манфаати учун ишлайди. «Қумтор» олтинлари дарҳол халққа фойда келтира бошлади, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни сезиларли даражада ошириш имконини берди», — деди Президент.
Шу билан бирга, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Акаев хатоларга йўл қўйганини тан олди, лекин унинг сабаби бор эди, зеро у СССР парчаланиб, республикалар ўртасидаги иқтисодий алоқалар издан чиққан оғир кунларда давлатни бошқарган. Жапаров, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, чорвачиликни ривожлантириш учун тўғри йўлни топиб, ҳалигача ўзгарувчанликка чидамли ва барқарор курсни сақлаб келаётган миллий валютани ўз вақтида муомалага киритган Қирғизистоннинг биринчи президенти эришган ютуқларни қайд этди.
Суҳбатнинг иккинчи қисми 2010 йилги инқилобдан кейин Беларусдан сиёсий бошпана олган мамлакатнинг яна бир собиқ президенти Қурманбек Бакиевга бағишланган. Жапаров ишонч билан Бакиев Қирғизистонга қайтгач ҳибсга олинишини айтади, чунки суд қарори билан у 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва бу муддат ҳали тугамаган.
«Биз ҳаммамиз қонунларга бўйсуниб яшашни ўрганишимиз керак. Ҳукмни бекор қилишга менинг ҳаққим йўқ. Мен Қурманбек Бакиевнинг авф этиш тўғрисида илтимосини кўриб чиқишим мумкин. 2010 йили жабрланганларнинг фикрини инобатга олган ҳолда бу борада қарор қабул қилишим керак бўлади», — дея хулоса қилади Жапаров.
Унинг қўшимча қилишича, санкциялар собиқ президентнинг қидирувдаги қариндошларига ҳам тегишлидир. Масалан, ўз ватанларида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жаниш ва Максим Бакиевларга.
Асқар Акаев Қирғизистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб бўлиб, Қурманбек Бакиев ҳокимият тепасига келгач, ағдарилган президент оила аъзолари билан Россияга қочиб кетган. Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланган.
Кейинроқ Акаев «Қумтор» олтин қазиб олиш корхонасининг хорижий инвесторларга берилиши билан боғлиқ ишда иштирок этган. Шу муносабат билан собиқ президент тергов ишлари бўйича неча бор Бишкекка учиб келган. 2021 йил август ойида у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берган, ватандошларига видеомурожаат қилиб, «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олган ва улар учун узр сўраган.
Қурманбек Бакиев 2010 йил апрелида ўзидан олдинги Асқар Акаев каби инқилоб натижасида ҳокимиятдан ағдарилган. Бакиев оиласи билан Беларусга қочиб кетган ва у ерда сиёсий бошпана олган. Ватанда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 2010 йил апрель ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар пайтида 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлган оммавий қирғинни уюштириш ва бошқа бўйича бир нечта жиноий ишда айбланувчига айланган. Қирғизистон ҳукумати Бакиевни экстрадиция қилиш бўйича Беларусга сўров юборган, бироқ улар рад этилган.
Қирғизистонда Қурманбек Бакиевдан ташқари унинг ўғиллари Марат ва Максим, шунингдек, унинг укаси, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Жаниш Бакиевлар сиртдан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.