Қирғизистон МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғида милиционерларни ўлдиришда гумонланувчи шахсларни қўлга олди

Қирғизистон жанубида 2010 йили жанжал пайтида ёндириб юборилган бино. «Фарғона» фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари 27 май куни Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида 2010 йил июнь воқеалари вақтида милиция подполковнигини ўлдиришда гумон қилинган икки маҳаллий аҳолини қўлга олди, деб хабар берилган махсус хизмат сайтида.

МХДҚ қўлга олинганларнинг бош ҳарфлари ва ёшини келтирган — 1984 йили туғилган И.Ш.А ва 1977 йилда туғилган Ж.А.Э. Улар Қирғизистон фуқароси экани таъкидланган.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар 2010 йил июнь ойида содир бўлган оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, Сузоқ қишлоғида Ички ишлар вазирлиги подполковнигини шафқатсизларча ўлдиришга алоқадор бўлган. Ўша пайтда милиция ходимлари уларнинг шахсини аниқлай олмаганлар.

Айни пайтда қўлга олинганлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жалолобод вилоятидаги тергов изоляторига жойлаштирилган.

2010 йил июнь ойидаги тартибсизликларнинг фаол иштирокчиларини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Шу муносабат билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

2010 йил июнь ойида ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан даъво муддати қўлланилмаслигини эслатади.

Эслатиб ўтамиз, аввали Қирғизистон судлари июнь воқеалари чоғида хавфсизлик хизмати ходимларини ўлдирганлик бўйича ҳукмлар чиқарган. Шундай қилиб, 2010 йили этник ўзбек Азимжон Асқаров бир қатор моддалар, жумладан милиционерни ўлдиришда иштирок этгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ўшанда ҳуқуқ ҳимоячилари орган ходимлари ўз фаолиятидаги қонунбузарликларга илгари эътибор қаратгани учун Асқаровдан ўч олиш имкониятидан фойдаланишганини таъкидлаганлар. Маҳкум 2020 йил 25 июль куни 47-сонли колония касалхонасида вафот этган. Ўлим сабаби икки томонлама пневмония туфайли ўткир нафас этишмовчилиги сифатида кўрсатилган.

ℹ️ Қирғизистон жанубида 11 июнь куни этник қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар бошланган («Фарғона» ўша воқеаларни ёритган). Бир неча кун ичида, расмийлар вазиятни назоратга олишидан олдин, 400 га яқин одам ҳалок бўлган (норасмий маълумотларга кўра, ўлганлар сони бундан ҳам кўп), минглаб уйлар вайрон бўлган. Қолаверса, расмийлар ҳалок бўлганларнинг 70 фоизи ўзбеклар эканлигини тан олишган.

Расмийлар Қирғизистондаги ўзбеклар жамияти етакчиларини тартибсизликларни уюштирганликда айблашган. Қодиржон Ботиров ва Ином Абдурасулов сиртдан умрбод, Карамат Абдуллаева эса 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2018 йил декабрида Қодиржон Ботиров Одессада 62 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ