Иш ҳақининг пастлиги сабаб, нефть ва газ соҳасида ишлаётган туркманлар оммавий равишда чет элга кета бошладилар

eurasmedia.ru сайти фотосурати

Нефть ва газ соҳасида ишлаётган туркманлар саноат стандартлари бўйича иш ҳақи пастлиги, шунингдек шунга ўхшаш лавозимларда ишлайдиган чет элликлар кўпроқ маош олишлари сабаб мамлакатни оммавий равишда тарк эта бошладилар. Бу ҳақда Turkmen.news хабар беради.

Таҳририятнинг таъкидлашича, уларда сўнгги ойларда республикани тарк этган 17 нафар бурғулаш бўйича мутахассисдан иборат рўйхат бор. Улардан саккиз нафари аввали Ирландиянинг Dragon Oil компаниясида, беш нафари Италиянинг Eni ва тўрт нафари Малайзиянинг Petronas компаниясида ишлаган. Қайд этилишича, юқоридаги барча корхоналар Каспий шельфини ўзлаштиришмоқда.

Туркманистон фуқаролари, масалан катта бурғулаш муҳандислари ойига 1000-1300 доллар маош олишади. Мамлакат аҳолиси учун бу муносиб даромад саналади, аммо чет элликлар бу пулни бир кунда ишлаб топишади.

Мутахассислар маоши табиий бойликларни қазиб олиш ҳисобига олинаётгани боис, Туркманистон чет эллик нефть ва газ соҳаси ишчиларига юқори маош тўлайди. Давлат ўз ходимларини молиявий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қўллаб-қувватлаши фойдалироқ бўларди, бироқ ушбу соҳада фаолият юритаётган хориж компаниялари раҳбарлари бунга парво қилмишмайди, дея хулоса қилади Turkmen.news.

Нашр манбаларига кўра, вазиятни хорижлик бурғучиларнинг раҳбарлар олдида туркманистонлик ҳамкасбларини иш юзасидан камситишлари оғирлаштирмоқда. Ваҳоланки, маҳаллий мутахассислар хорижга чиқиб, Саудия Арабистони, Қатар ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги йирик компанияларга бемалол ишга жойлашмоқдалар.

«У ерда ходимларга нафақат жаҳон стандартларида маош тўланади, балки уларга мартаба ўсиши ва малакасини ошириш имконияти ҳам берилади, болаларининг халқаро мактабларда ўқиши учун ҳақ тўланади»,дейди манба.

Маошлардаги фарқга амалдорларнинг сукут сақлаши ҳам таъсир қилади. Масалан, «Туркманнефть»да максимал иш ҳақи 400-600 долларни ташкил этади ва юқори раҳбариятга бу чегарани оширмаслик кераклиги айтилади. Лекин айни пайтда маҳаллий раҳбарлар хорижлик мутахассисларнинг маошларини қисқартириш ёки назорат қилиш ваколатига эга эмаслар.

Шундай қилиб, Туркманистон янги келганлар билан алмаштириш қийин бўлган малакали ишчиларни йўқотмоқда. Зеро, нефть-газ соҳасида мутахассисларни тайёрлаш учун камида 10-15 йил кетади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ