Кузатувчилар Туркманистон пахта далаларида мажбурий ва болалар меҳнатини қайд этишган

turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати 2022 йили пахта терими пайтида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланган, далаларда меҳнаткашлар учун мақбул шарт-шароитлар яратмаган, кўпинча уларни очиқ жойларда тунашга мажбурлаган. Бу ҳақда Turkmen.news ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси (ИҲТТ) томонидан тайёрланган «Ўзгаришлар вақти» ҳисоботида айтилади.

Қайд этилишича, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари республиканинг пахта етиштириладиган барча ҳудудларида қайд этилган. Маҳаллий маъмуриятлар давлат хизматчиларини пахтани ўзлари теришга ёки ўзлари ўрнига ишчи ёллашни талаб қилишган. Болалар меҳнатидан ҳам фойдаланилган, кам таъминланган оилаларнинг вояга этмаган болалари атайлаб далага чиқиб, ҳеч бўлмаганда пул топишга ҳаракат қилишган.

Кўпинча пахта плантацияларга олиб келинган одамларнинг ўзлари турар жой ва озиқ-овқат излашларига тўғри келади. Кўпчилик ҳарорат нолдан паст бўлса ҳам, ташқарида ухлашга мажбур бўлган.

«Пахта теримида давлат томонидан мажбурий меҳнат ва фермерларни эксплуатация қилиш Туркманистонда аномалия ҳисобланмайди. Бу амалиётлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, жумладан, буғдой ва ипак қурти пилласи етиштиришдаги коррупцион буйруқбозлик тизимининг ажралмас қисмидир», — дейди ИҲТТ раиси Фарид Тухбатуллин.

Ҳисобот муаллифлари Туркманистон расмийларининг мамлакатдаги деярли барча пахта комбайнларда терилганлиги ҳақидаги маълумотларини рад этишади.

«Биринчидан, қўлда терилган пахта яхши баҳоланади. Иккинчидан, машиналар кичик майдонларда ва мавсум бошида пахтари териб ололмайди. Учинчидан, мансабдор шахслар давлат хизматчиларини, ҳатто ҳосил етишмаса ҳам ёки жуда оз бўлса ҳам далага сафарбар қилаверади. Улар квоталарни бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганликларини шу тариқа раҳбарларга кўрсатишга уринишади»,дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчилар республиканинг Болқон, Тошҳовуз, Лебап ва Мари вилоятларидаги вазиятни ўргандилар. Улар ўз кузатишларидан келиб чиқиб, мамлакатда пахта етиштириш тизими тўлиқ давлат назоратида, деган хулосага келади. Нафақат плантацияларга боришга мажбур бўлган бюджет ташкилотлари ходимларига, балки шу ҳосилни етиштирувчи ер ижарачилари ҳам мансабдор шахслар назоратида бўлади.

Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳокимият фермерлар учун экинлар учун квоталар белгилайди, шунингдек, бошқа ресурсларуруғлик, ўғит, техникани тасарруф этади.

Кузатувчилар тизим коррупциялашган элита манфаатини кўзлаб ишламоқда ва аҳоли бу ҳолатда ҳеч қандай даромад олмайди, деган хулосага келишади.

Шу муносабат билан маърузачилар Туркманистон ҳукуматига мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи қонунлар ижросини таъминлашни тавсия қилади. Шунингдек, улар хорижий давлатларни ушбу масалада, жумладан мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда яратилган туркман пахтаси импорт қилишга тақиқни кучайтириш орқали Ашхободга босимни кучайтиришга чақирадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ