Халқаро арбитраж МТСнинг Туркманистонга қарши даъвосини рад этди ва жавобгарга 11 миллион доллар тўлашни юклади

Ашхободдаги савдо марказида жойлашган МТС савдо офиси. ТАСС архив фотосурати

Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция баҳсларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) 14 июнь куни Россиянинг МТС уяли алоқа операторининг Туркманистонга қарши даъвосини кўриб чиқишни якунлади. Бу ҳақда ICSID сайтида хабар берилди.

Арбитраж қарори келтирилмаган. Туркманистон манфаатларини ҳимоя қилган Squire Patton Boggs адвокатлик фирмаси МТСнинг 2 миллиард доллар миқдоридаги барча даъволарини тўлиқ рад этилишига эришганини маълум қилган. Арбитраж Россия компаниясини Туркманистон фойдасига 11 миллион доллардан ортиқ товон тўлашга мажбур қилган.

ℹ️ МТС Туркманистонда 2005 йилдан бери фаолият юритиб, 2,5 миллионга яқин абонентга хизмат кўрсатган. 2010 йили радиочастоталарни тақсимлаш бўйича шартнома муддати тугаганидан кейин МТСга лицензия муддати чўзилмаган. Компания ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистонга халқаро арбитраж билан таҳдид қилади. 2012 йили МТС иши қайта тикланган, компания тармоқни қайта ишга тушириш учун 1,5 миллион доллар сармоя киритади. Аммо 2017 йили туркман ҳукумати яна лицензияни узайтиришдан бош тортади. Ўша пайтда МТСнинг маҳаллий рақобатчиси — оператор «Ай Назар» фаолият юритарди. МТС ўз фаолиятини тўхтатади ва 2018 йилнинг июнь ойида Туркманистондаги мулкини сотишини эълон қилади.

Шу билан бирга, компания Туркманистон ҳукуматини ҳуқуқларни бузганликда ва «инвестицияларни ўзлаштиришда» айблаб, ICSIDга даъво аризаси беради. МТС ўз йўқотишларини 750 миллион долларга баҳолайди. 2019 йил апрель ойида компания Туркманистонга қарши кенг кўламли даъво қўзғатади ва зарар миқдорини 1,5 миллиард долларга оширади. Компания бу миқдор ўзгаришини 2019 йил охирида «сўнгги мустақил баҳолаш» ўтказилгани билан изоҳлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ