Қирғизистонлик спортчи Европа гандбол федерациясининг Шон-шарафлар залидан ўрин олди

Талант Дуйшебаев. 24.kg сайти фотосурати

Асли қирғизистонлик, тарихдаги энг яхши гандболчилардан бири, ҳозирда Польшанинг «Кельце» клуби устози Талант Дуйшебаев 26 июнь куни тантанали муҳитда Вена шаҳрида очилган Европа гандбол федерацияси (ЕГФ) шон-шарафлар залига киритилди.

Қирғизистонлик бошқа 60 нафар футболчи билан бирга Шон-шарафлар залидан ўрин олди. Маросим ЕГФнинг 30 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтди.

Талант Дуйшебаев 1968 йили Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. СССР, МДҲ ва Россия терма жамоаларида ўйнаган. Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиби. Клублар миқёсида у Москванинг ЦСКА, Германиянинг «Любекке» ва «Минден», Испаниянинг «Сантандер» ва «Сьюдад-Реаль» клубларида ўйнаган.

Дуйшебаев гандбол тарихидаги энг кучли ўйинчилардан бири ҳисобланади. У 1994 ва 1996 йиллари дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган. 2000 йили Халқаро гандбол федерацияси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, у 20-асрда дунёдаги иккинчи гандболчи сифатида тан олинган.

2005 йили у мураббийлик фаолиятини «Сьюдад-Реаль»да бошлаган ва у ерда 2011 йилгача ишлаган. Кейин у Мадриднинг «Атлетико»сига ўтади. 2014 йили у Польшанинг «Кельце» клубини бошқарган ва шу кунгача шу ерда ишлаб келмоқда. Параллел равишда Венгрия ва Польша терма жамоалари билан ишлаган.

Айни дамда Дуйшебаев Европадаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири ҳисобланади. Унинг қўл остида жамоалар жами 12 марта ички чемпионат, 10 марта мамлакат кубоги, шунингдек 4 марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишган.