Исроилда Иккинчи жаҳон уруши йилларида яҳудий оилаларига бошпана берган қирғиз халқига миннатдорчилик тоши ўрнатилди. Маросимда мазкур Марказий Осиё Республикаси меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири Худойберген Базарбоев иштирок етди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Миннатдорчилик тошининг очилишида сўзга чиққан мулозим қирғиз ва яҳудий халқлари ўртасидаги боғлиқликни таъкидлади.
«Қирғизистонда икки инсоннинг исми ирода эркинлиги рамзига айланган — 16 ёшида эвакуация қилинган 150 нафар болани асраб олган Токтогон Олтибасарова ва эвакуациянинг барча қийинчиликларини бошидан кечирган ва бошпана топган минглаб болаларнинг рамзи бўлган Эстер Сингер. Афсуски, кўплаб болалар сингари Эстер ҳам йўл азобидан омон қолмаган, бироқ русча Сретенка деб аталган қирғиз қишлоғига ўрнатилган Эстер тоши ўша йиллардан бери биз бир эканлигимизни англатади», — деди Базарбоев.
У ҳар бир бола учун фаровонлик, эркинлик, танлаш имконияти ва оила муҳити Президент Садир Жапаров томонидан биринчи ўринга қўйилаётган қадрият эканини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, республика раҳбарининг биринчи фармонлари ахлоқ, маънавият, оилани қўллаб-қувватлашга оид ҳужжатлар бўлгани бежиз эмас. Бу борада етим, ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандларига давлат томонидан эътибор кучайтирилаётганини таъкидлади Меҳнат вазирлиги раҳбари.
Вазирлик матбуот хизмати қўшимча қилишича, Базарбоев амалий ташриф билан Исроилда бўлиб, ҳамкасблари билан қирғизистонликларнинг ушбу мамлакатда ишга жойлашиш имкониятларини муҳокама қилган.
Исроил Иккинчи Жаҳон уруши пайтида яҳудийларга кўрсатилган ёрдамни қадрлайди. Хуллас, ўтган йил май ойида мазкур давлат ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида 1941-1945-йилларда қочқинларни қутқаргани учун Ўзбекистонга хотира ва миннатдорлик монументи ўрнатилганди.