Иссиқкўл соҳилида Асман деб аталувчи «ақлли шаҳар» қурилиши бошланди

АСМАН ШАҲАР ЛОЙИҲАСИ. ECONOMIST.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида 30 июнь куни президент Садир Жапаров «ақлли шаҳар» Асман қурилиши учун капсулани қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда сўзга чиққан Жапаров Иссиқкўл қирғоғида инновацион шаҳар қурилиши Қирғизистоннинг иқтисодий ва туристик марказга айланишига имкон беришини таъкидлади.

«Асман шаҳри Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғлайдиган молиявий хабга айланади! «Қумтор» бутун мамлакатимиз иқтисодиётини ҳаракатга келтирганидек, бу шаҳар тўлиқ қувват билан ишласа, бу шаҳар ва «Тамчи» ЭИЗ ҳам давлатимизни олға силжитадиган иқтисодий локомотивига айланади», — деди президент.

Жапаров «Асман» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг қурилишини бошлаш учун давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмаганига ишонтириб, инвесторларни «ақлли» ва экологик тоза шаҳар яратишга янада дадилроқ сармоя киритишга чақирди.

«Ҳозирги ҳукумат сизнинг ишларингизга аралашмайди ва биз тўлиқ давлат кафолатини берамиз.

Биз ҳеч кимнинг келиб, турли баҳоналар билан пул ундиришига, ишга аралашишига, хоҳ давлат идоралари, хоҳ хавфсизлик кучлари, хоҳ «бузғунчи унсурлар» бўлсин, йўл қўймаймиз. Шу билан бирга, биз ҳеч бир маҳаллий ҳокимият органлари ёки маҳаллий аҳоли номидан қонунга хилоф ҳаракатларга аралашмаслигига ваъда берамиз. Тўсиқлар яратмоқчи бўлган ҳар бир киши билан шахсан мен шуғулланаман.

Агар инвесторларимизга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларга оид заррача гумон ҳар икки томонда пайдо бўладиган бўлса, бу одамлар қаттиқ жазоланади», — деди Жапаров.

Лойиҳа муаллифи, янги шаҳар дирекцияси раҳбари Руслан Акматалиевнинг Economist.kg нашрига берган интервьюсида таъкидлаганидек, Кореянинг Promise Land компанияси Асмандаги объектлар қурилишини бошлаган биринчи инвестор бўлади. «Биз 1 миллиард доллардан ортиқ шартнома имзоладик. Улар 10 миллиард долларгача сармоя киритишга тайёр», — дея тушунтирди давлат дирекцияси раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, инвесторлар шаҳардаги квартираларни сотиш орқали ўз маблағларини «қоплай» олишади.

«Аммо шу билан бирга, Корея компанияси маблағларни қайта инвестиция қилишини, яъни олинган маблағларни Қирғизистондаги янги лойиҳаларга сармоя киритишга йўналтиришини айтди. Улар вертикал иссиқхоналар, тутунсиз чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари, чиқиндиларни парчалаш орқали электр энергияси ва водород ишлаб чиқарувчи корхоналарни қуриш каби лойиҳаларни кўриб чиқишмоқда. Бундан ташқари, ичимлик сувининг экологик тозалигига тенг келадиган ёпиқ турдаги тозалаш иншоотлари қурилади. Ва яна кўплаб яшил лойиҳалар амалга оширилади», — дейди Акматалиев.

Унинг сўзларига кўра, Асманнинг бутун шаҳар инфратузилмаси қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишдан тортиб, яшил ҳудудлар ва чиқиндиларни бошқаришнинг мувозанатли тизимини яратишгача бўлган атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштиришга имкон берувчи илғор технологиялар ёрдамида ривожлантирилади.

«Асман шаҳрининг асосий хусусиятларидан бири унинг технологик инфратузилмасидир. Шаҳар ҳаётининг барча жабҳалари замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интеграциялаштирилади. Ақлли уйлар ва ақлли шаҳар транспорти Асман аҳолисига қулайлик яратади,» – деди давлат дирекцияси раҳбари.

Ҳисоб-китобларга кўра, Асман қурилишига 20 миллиард доллар ва 7-8 йил керак бўлади.

ℹ️ Шаҳар номи ўзбекчасига «осмон». Асманнинг майдони 4015 гектар бўлиб, у 500 дан 700 минггача одамни сиғдира олади. Асман Иссиқкўл вилоятидаги Тўру-Айғир қишлоқ ҳокимияти ва Чирпиқти қишлоғи ўртасида жойлашган майдонда қурилиши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди