Тўқаев ШҲТ давлатларини Шарқ ва Ғарб ўртасида геосиёсий бўлинишларга йўл қўймасликка чақирди

Қосим-Жомарт Тўқаев. Саммитдаги маърузаси видеоёзувидан лавҳа

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг асосий вазифаси Шарқ ва Ғарб ўртасида геосиёсий бўлинишларнинг олдини олишга қаратилиши керак. Бу ҳақда 4 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг виртуал йиғилишида айтиб ўтди.

Тўқаев глобал дунё тартибининг тубдан ўзгариши шароитида геосиёсий кескинликнинг мисли кўрилмаган даражада кучайиши, савдо ва санкция урушларининг авжига чиқиши ва бошқа кўплаб замонавий чақириқлар кузатилаётганини таъкидлади.

«Халқаро ҳуқуқ асослари ва унинг муҳим тамойиллари бўлмиш – тенглик, ҳамкорлик, бўлинмаслик, кенг қамровлилик ва барқарор хавфсизликни бузиш одатий ҳолга айланиб бормоқда», — дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари.

У «БМТнинг марказий ва мувофиқлаштирувчи роли остида кўпроқ вакиллик, демократик ва кўп қутбли дунёни барпо этишга содиқ қолиш» зарурлигини таъкидлади.

«Шанхай ҳамкорлик ташкилоти жаҳон ҳамжамиятига барқарор дунё ҳақидаги ўз қарашларини таклиф қилиши мумкин ва лозим. Шу боис Қозоғистон ўз раислиги доирасида «Адолатли тинчлик ва тотувлик йўлида дунё бирлиги» ташаббусини тақдим этади. Ушбу кенг қамровли ҳужжат ишонч чораларини мустаҳкамлаш, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш тамойилларини белгилайди. Ишончим комилки, ушбу ташаббусни биргаликда илгари суриш умумий манфаатларимизга жавоб беради», — деди Тўқаев.

У ШҲТнинг афзалликларини санаб ўтди: давлатларнинг географик алоқадорлиги, транзит ва транспорт имкониятлари, улкан бозор ва бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиёт.

«Шунга қарамай, тан олиш керакки, 20 йилдан ортиқ вақт давомида ШҲТ шафелигида бирорта ҳам йирик иқтисодий лойиҳани амалга оширишнинг имкони бўлмади», — деди Тўқаев.

Спикер лойиҳа фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг йўқлиги сабабини айтди. У ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашига қўшма инвестиция фондини яратиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича топшириқ беришни таклиф қилди.

Тўқаев ШҲТдаги ҳамкасбларини «икки томонлама характердаги муаммолардан ҳар томонлама узоқлашишга ва барча саъй-ҳаракатларни мавжуд келишувларни амалга оширишга йўналтиришга» чақирди. Қозоғистон президенти томонидан билдирилган таклифлар орасида ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари бўйича кун тартибини кенгайтириш мақсадида Ташкилотнинг янги ривожланиш стратегиясини қабул қилиш ҳам бор.

ℹ️ 4 июль куни Нью-Деҳлида ШҲТ Давлат раҳбарлари саммити очилди ва виртуал тарзда ўтмоқда. Саммитга Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди раислик қилмоқда. Учрашувда Тўқаевдан ташқари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Покистон бош вазири Шеҳбаз Шариф иштирок этмоқда. Беларусь, Эрон ва Мўғулистон президентлари Александр Лукашенко, Эбраҳим Раиси ва Ухнагийн Хурэлсух ШҲТ кузатувчи-давлатлари раҳбарлари сифатида таклиф этилган.

Саммит якунлари бўйича Эрон ШҲТга қабул қилиниши ва Беларуснинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича меморандум расмийлаштирилиши кутилмоқда.

Ҳозирда ШҲТга саккизта давлат – Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзодир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ