Душанбе суди ҳарбий комиссарлик ходимини фирибгарлик учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилди

asiaplustj.info сайти фотосурати

Душанбе гарнизони ҳарбий суди Тожикистон пойтахтининг Фирдавсий тумани ҳарбий комиссарияти ходими, прапоршик Рустам Мирсалимовни ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун ўн йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Мирсалимов 2022 йил июль ойидан сентябрь ойларигача бўлган даврда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан фирибгарлик жиноятларини содир этиб, бунинг натижасида 31 нафар фуқарони алдаган. Бу шахс томонидан етказилган жами зарар миқдори 689 минг 493 сомонийни (63 минг доллардан ортиқ) ташкил этган.

Масалан, 2022 йил октабрь ойида «Меҳргон» бозорида ҳарбий кийим ва гувоҳномадан фойдаланиб, прапоршик сотувчига тўрт юз қоп ун зарурлиги ва уни Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларига тарқатиши кераклигини айтган.

Шу билан бирга, у ун тўлиқ тақсимланганидан сўнггина савдогарга керакли миқдорни тўлашини таъкидлаган.

115 минг 500 сомоний (10,5 минг доллар) қийматидаги 350 қоп биринчи навли унни олган Мирсалимов уни бошқаларга сотади ва ундан тушган пулни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Суд ҳукмига кўра, ҳарбий хизматчи озодликдан маҳрум қилиш билан бир қаторда уч йил муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ёки мулкий жавобгарлик билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ