ЕХҲТ вакили Туркманистон ҳукуматини ОАВ эркинлигини ва интернетга очиқ киришни таъминлашга чақирди

ASIAPLUSTJ.INFO САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро Туркманистон расмийлари билан учрашувда уларни сўз эркинлигини таъминлашга чақирар экан, интернетга чекловсиз кириш мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари плюрализмининг муҳим қисми эканини таъкидлади. Бу ҳақда ЕХҲТ сайтида айтилган.

Рибейро Туркманистонга ташрифи доирасида ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Гаджиев, парламент спикери Дунягозел Гулманова, Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси раиси Арслан Аширов ва республика Омбудсмани Гурбанназарова Яздурсун билан учрашди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили Туркманистонда ҳам онлайн, ҳам офлайн режимда маълумотларнинг эркин айланишига чекловлар мавжудлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан у расмийларни сўз эркинлигини таъминлаш бўйича халқаро ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.

«Ҳозирги ўзаро боғлиқ дунёда ОАВ эркинлигига фақат онлайн ахборот экотизимига тенг киришни таъминлаш орқали эришиш мумкин», — деди Рибейро.

Шунингдек, у Интернетга тўлиқ ва чекловсиз кириш оммавий ахборот воситалари плюрализми ва хавфсиз демократик жамият барпо этиш учун зарур эканлигини таъкидлади.

Томонлар Туркманистон қонунчилигининг оммавий ахборот воситаларига тааллуқли муаммоларини, мустақил нашрлар ва журналистлар ролининг аҳамиятини муҳокама қилдилар. ЕХҲТ вакили бу борада ёрдам таклиф қилди. Бироқ қандай аниқ таклифлар билдирилгани ва улар маҳаллий мутасаддилар томонидан қабул қилинганми, аниқланмаган.

Туркманистоннинг асосий давлат оммавий ахборот воситалари Туркманистон Давлат ахборот агентлиги ва «Нейтральный Туркменистан» («Нейтрал Туркманистон») газетаси ҳисобланади. Уларнинг кун тартиби кўпинча Бердимуҳамедовлар оиласининг иши ва дам олишига бағишланган. Республикада расмий манбалардан олинган маълумотларни ҳақиқатда такрорлайдиган расмий хусусий ОАВ ҳам бор. Туркманистонда тақиқланган бир нечта мустақил нашрларгина мамлакатдаги реал воқеалар ҳақида ёзади. Уларнинг таҳририятлари хорижда жойлашган, мухбирлар эса анонимлик шарти билан ишлашга мажбур.

Жорий йил апрель ойида Туркманистонда уч миллиардга яқин IP-манзил блоклангани хабар қилинган эди, бу дунёдаги мавжудларнинг тўртдан уч қисмини ташкил қилади. Шу билан бирга, 1000-2000 доллар пора эвазига Киберхавфсизлик хизмати бир ой давомида тақиқланган веб-сайтни оқ рўйхатга киритиб, уни оммага очиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ