Жорий йилнинг биринчи олти ойида Тожикистон 43,2 миллион доллардан ортиқ электр энергияси экспорт қилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 миллион долларга кам, дея хабар беради «Азия-Плюс» республика Статистика агентлиги маълумотларига таяниб.
Аниқлик киритилишича, тузилган шартномалар доирасида «Барки тожик» давлат корхонаси Афғонистонга (бутун йил давомида, лекин куз-қиш даврида чекланган ҳажмларда) ва Ўзбекистонга фақат баҳор-ёз даврида электр энергияси етказиб беради (майдан августгача).
Бунинг сабаби, куз-қиш мавсумида ҳатто ички истеъмолчиларни таъминлашга ҳам электр энергияси етишмайди. Ёзда Тожикистонда катта миқдорда сув ва энергия ресурслари мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми исроф бўлади.
Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Тожикистондан мавсумий электр энергияси импорти бошланганини маълум қилган эди.
«Маълумки, 2018 йилдан буён ёзги мелиорация даврида ишлаб чиқарилган электр энергиясини Ўзбекистонга экспорт қилиш амалиёти йўлга қўйилган ва бу, ўз навбатида, мамлакатимиз сув ҳавзаларига келадиган табиий сувлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилмоқда», — дейилади бошқармада.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Тожикистонда қарийб 10,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 фоизга кўпдир.
Электр энергиясининг қарийб 95 фоизи гидроэлектростанцияларда, қолган қисми иссиқлик станцияларида, шунингдек қуёш станцияларида кичик ҳажмларда ишлаб чиқарилади.