Қирғизистон 2,5 йил ичида ҳарбий техникаларни янгилаш учун деярли 1,5 миллиард доллар сарфлаган

Қирғизистон армиясининг янги ҳарбий техникалари. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон 2,5 йил давомида қуролли техникаларни янгилаш учун 125 миллиард сўм (1,422 миллиард доллар) ажратган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради АКИpress.

Ташиевнинг қайд этишича, 2005-2020 йиллари Қирғизистон худди шу мақсадлар учун 3-5 миллиард сўм (34-56,9 миллион доллар) сарфлаган. Таққослаш учун, у биргина 2021 йили мамлакат ҳукумати қуролларни янгилаш учун 32 миллиард сўм (364 миллион доллар), 2022 йили 53 миллиард сўм (603 миллион доллар), 2023 йилнинг олти ойида 40 миллиард сўмдан (455 миллион доллар) кўпроқ маблағ ажратганини санаб ўтди.

«2,5 йил давомида 120 миллиард сўмдан ортиқ сарфланди. Бу жуда кенг кўламли янгиланишдир», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Ташиевнинг сўзларига кўра, «Байрактар», Aksungur, «Акинжи» дронлари, «Печора» зенитли-ракета мажмуаси, Ми-8, Ми-17 вертолётлари харид қилинган.

«Буларнинг барчасини биз совға сифатида олганимиз йўқ, буларнинг барчаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сотиб олинган», — деди Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган эди. Гарчи толиблар ўз қўшниларига қарши қуролли ҳаракатлар ўтказиш ниятида эмаслигини маълум қилган бўлсалар-да, бироқ Марказий Осиёда ўз манфаатларига эга бўлган давлатларнинг разведка хизматлари минтақа мамлакатларига толибларнинг эҳтимолий таҳдиди ҳақида бир неча бор хабар бериб келган. Бундан ташқари, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада можаролар сўнгги йилларда бир неча бор содир бўлди. Энг каттаси ўтган йил сентябрь ойида содир бўлганди. Жангларга икки томондан артиллерия ва оғир зирҳли техникалар жалб қилинган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).