Қирғизистон 2024 йили 3 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини сотиб олишни режалаштирмоқда

Kloop.kg сайти фотосурати

2024 йили Қирғизистон 3,2-3,5 миллиард киловатт-соат (кВт/соат) электр энергиясини импорт қилади. Бу ҳақда 21 июль куни бўлиб ўтган брифингда республика Энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

Ибраевнинг сўзларига кўра, етказиб бериш бўйича шартномалар аллақачон тузилган.

«Келгуси йили Туркманистондан 1,7 миллиард киловатт-соат, Россиядан 1,5 миллиард киловатт/соат ва Қозоғистондан бир қисмини импорт қилишни режалаштирмоқдамиз», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари. Импорт сентябрдан декабргача давом этади, дея қўшимча қилди Ибраев ва ёзда электр энергиясига талаб унчалик юқори эмаслигини тушунтирди.

2023 йили импорт 2,5 миллиард кВт/соат миқдорида режалаштирилган – айнан шунча миқдор республикага бир йил аввал етишмаган. «Миллий энергетика холдинги» бошқаруви раиси Таалайбек Байгазиевнинг тушунтиришича, бир неча йил аввал республикада 14 миллиард киловатт/соат ишлаб чиқарилган пайтда истеъмол 12 миллиард кВт/соатни ташкил этган, сув кўп бўлган йилларда ортиғини экспорт қилиш мумкин эди. Лекин ички истеъмол ўсиб, 2022 йили 16 миллиард кВт/соатни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 17 миллиард кВт/соатга етиши кутилмоқда.

«Бизда электр қуввати тақчиллиги авжуд. Шу боис Туркманистон, Қозоғистон, Россия энергетика тизимлари билан импорт шартномалари туздик ва Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит ўтказдик. Биз бартер шартномасини туздик. Қишда электр қуввати етишмаса, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимидан оламиз. Ёзда сув келиб қолганда, биз бу электр энергиясини бирма-бир қайтарамиз», — деб тушунтирди Байгазиев.

Энергетика холдинги раҳбарининг таъкидлашича, мамлакат ўз гидроэлектр станциялари ва иссиқлик электр станциялари ҳисобидан 14,5 миллиард кВт/соатни қоплайди, 1,6 миллиарди Туркманистондан, 500 миллиони Россиядан, 577 миллиони Қозоғистондан харид қилинади.

«Биз биринчи марта Туркманистон ва Россиядан электр энергиясини оляпмиз. Агар истеъмол кўпайса, импортни оширишга келишиб оламиз», — дея хулоса қилди Байгазиев.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йил январь-май ойларида Қирғизистон 40,2 миллион долларлик 1 миллиард 516,5 миллион кВт/соат электр энергияси импорт қилган.

Шу билан бирга Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 1 августидан саноатда фавқулодда ҳолат режими жорий этишни таклиф қилган эди.

«Оддий истеъмолчилар учун ҳеч нарса ўзгармайди. Электр таъминотини яхшилаш ва электр энергиясини импорт қилишдан воз кечиш учун фавқулодда ҳолат жорий қиламиз. Аммо импортдан қутулиш учун бизга 5-8 йил керак бўлади. Кутиб турсак, дефицит ортади. Бунга олиб келмаслик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштириш учун мен фавқулодда ҳолат бўйича таклиф киритдим, шунда биз янги станциялар қуриш масаласини тезда ҳал қилишимиз мумкин»,дейди Энергетика вазири.

Ибраевнинг қўшимча қилишича, келгуси қишда мамлакатда электр токининг ўчирилиши кутилмайди, бироқ тузатиш чоралари кўрилиши мумкин.

«Ҳаддан ташқари юклама бўладиган жойда, табиийки, биз ускунани тежаймиз. Бу шуни англатадики, масалан маълум бир участкада трансформаторда ортиқча юк бўлса, у ҳолда ушбу бўлимдаги абонентлар бошқа тармоқларга ўтказиш ва ушбу трансформаторни енгиллатиш керак бўлади. Агар биз ушбу тартибни бажармасак, трансформаторларни алмаштирмагунимизча, кўча ёки ҳудуд 2-3 кун давомида электрсиз қолади. Аммо тартибга солиш чоралари билан бу содир бўлмайди»,деди вазир.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб Қирғизистон аҳолиси учун электр энергияси нархи 30 фоизга ошиб, бир кВт/соат учун 1 сўмга (0,011 доллар) етган. 700 кВт/соат электр энергияси истеъмоли чегарасидан ошиб кетган тақдирда тариф бир кВт/соат учун 2,16 сўм (0,025 АҚШ доллари) миқдорида ҳисоблаб чиқилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди