Жапаров Лавровнинг Қирғизистонда қабул қилинган давлат тили ҳақидаги қонун нодемократик экани ҳақидаги сўзларини инкор этди

Садир Жапаров ва Сергей Лавров. kabar.kg ва mid.ru фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Қирғизистонда қабул қилинган давлат тили тўғрисида қонун «унчалик демократик эмас» деган сўзларига изоҳ берди.

«Бир неча ой олдин Қирғизистонда қонун қабул қилинган. Бу ғоя илк бор пайдо бўлганида биз қирғиз дўстларимизни бу мутлақо демократик эмаслигидан огоҳлантирган эдик. Мен барча давлат хизматчиларини қирғиз тилини билишга ва ушбу тилда ишлашга мажбурланишини назарда тутяпман. Давлат тиббиёт муассасалари шифокорлари ва ўқитувчилар ҳам давлат хизматчилари тоифасига киритилган», — дейди Лавров Россия нотижорат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда.

«Биз ишлашда давом этамиз. Уларни бир неча бор огоҳлантирдик, аммо бошқа йўналиш устунлик қилди», — деб таъкидлади Россия ТИВ раҳбари ва «Қирғизистон Конституциясида рус тили миллий мулоқот тили бўлиб қолаётганини» эслатиб ўтди.

Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида, Лавровнинг муносабати ҳақидаги саволга жавоб берар экан, россиялик вазир «эҳтимол, қонунни [«Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги]ни ўқимасдан гапиргандир», деб таъкидлади.

«Ушбу қонунда рус тилини камситувчи меъёр йўқ. Аксинча, расмий тил сифатида рус тилидан фойдаланилади. Ушбу қоида Конституцияда ҳам мавжуд. Бу нормалар сақланиб қолинган», — дейди Қирғизистон президенти.

Жапаровнинг янги қонун нормалари ўқитувчилар ва шифокорларга таъсир қилмаслигини таъкидлайди.

«Тасаввур қилинг-а, сиз мактабга рус миллатига мансуб инсонни рус тили ўқитувчиси сифатида ишга оляпсиз. Наҳотки, «қирғизчани билмайсиз экан» деб, уни ишга олмасак. Бизга қирғиз тили каби рус тили ҳам керак. Чунки рус тилисиз МДҲ давлатлари билан ишлаш мумкин эмас. Хитойга, араб мамлакатларига, ўша Европа давлатларига ташриф буюрганимизда, рус тилида гаплашамиз», — деб эслади Қирғизистон президенти.

Жапаровнинг тушунтиришича, Лавров муносабатига сабаб бўлган қонуннинг қабул қилиниши қирғиз тилини ривожлантириш истаги билан боғлиқ.

«Давлат хизматчилари, депутатларнинг чиқишларини қаранг, [маърузанинг] ярми рус тилида, ярми қирғиз тилида. Ҳеч биримиз тўлиқ русча гапирмаймиз ёки қирғизчани тўлиқ билмаймиз, икки тилни тинмай аралаштириб юрамиз. Шундай экан, келинг, иккала тилни ҳам бирдек ўзлаштирайлик. Керак бўлса инглиз, француз, хитой тилларини ҳам ўрганайлик. Қанчалик кўп тил билсангиз, шунча яхши», — дея хулоса қилади президент.

ℹ️ «Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги конституциявий қонунни 17 июль куни Жапаров имзолаган. Қонуннинг «давлат тилини билиши, ундан ўз хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиши шарт бўлган шахслар»га доир 32-моддасида, шу жумладан:

👉 педагогик, илмий-педагогик ва илмий ходимлар, таълим муассасаларига ва/ёки илмий муассасаларга таклиф этилган ҳамда илмий, педагогик, илмий-педагогик ходимлар ёки чет тили ўқитувчиси сифатида вақтинчалик ишлаётган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;

👉 давлат ва шаҳар соғлиқни сақлаш муассасаларининг тиббиёт ходимлари киритилган.

Шунингдек, улар «ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун зарур бўлган даражада (кундалик ҳаёт вазиятлари ва соҳаларида, ижтимоий-маданий, маърифий ва касбий (расмий иш) соҳаларида коммуникатив алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлишлари учун)» давлат тилини билиши шартлиги айтилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди