24 июль куни кечқурун Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида икки давлат фуқаролари иштирокида можаро келиб чиққан, тўрт нафар тожикистонлик енгил тан жароҳати олган. Воқеа сабаблари борасида томонларнинг версиялари турлича.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари матбуот маркази хабарига кўра, саккиз автомобилдан иборат тўй кортежи Тожикистоннинг Ворух анклавидан Исфара шаҳри йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Соат 17:30 атрофида Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғига кираверишда маҳаллий фуқаро маст ҳолда 134 ACJ 03 KG давлат рақам белгиси бўлган Mercedes-Benz русумли автомашинани бошқариб кетаётган колоннага тош отган.
«Тўй машиналаридан бири ўз машинасининг ҳаракатига тўсқинлик қилганини баҳона қилиб, катта йўлни тўсиб қўйган. Машинадан тушгач, эркак Тожикистон фуқароларининг машиналарига тош отган. Оқибатда учта автомашинанинг турли қисмлари шикастланган, тўрт нафар Тожикистон фуқароси енгил жисмоний тан жароҳати олган», — дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Тожикистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келганидан сўнг жанжалга барҳам берилган.
«Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегарасида вазият барқарор. Икки томонлама қўшма комиссия икки давлат фуқаролари ўртасидаги можаронинг сабаблари ва омилларини аниқламоқда», — дейилади Тожикистон махсус хизматлари хабарида.
«Озоди» радиоси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабарига кўра, 24 июль куни тушдан кейин, яъни воқеа содир бўлгунга қадар Қирғизистон чегарачилари Оқсой қишлоғи ҳудудидан ўтувчи ягона Исфара-Ворух автомобил йўлини тўсиб қўйган. Ҳарбий хизматчилар ўз қилмишларини маҳаллий аҳолига чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўриш билан тушунтирган.
«Маҳаллий аҳолидан бирининг сўзларига кўра, қирғиз ҳарбийлари йўлда туришган, қирғиз қишлоғи аҳолиси эса тожикларнинг машиналарига тош отган», деб ёзади «Озоди».
«Азия-плюс» тожик нашри ўз ўқувчиларининг биридан видеотасвир олган, у можаро камерада акс этган эпизоддан бошланганини даъво қилади.
Эътиборлиси, Қирғизистон президенти маъмурияти ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков ўзининг Facebook'даги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида можаро қирғиз томонидан қўзғатилганини ёзган.
«Ворух йўналишидан тўққиз машинадан иборат тўй кортежи Оқсой қишлоғи бўйлаб кетаётган бўлган. Шу пайт Оқсой қишлоғида яшовчи Қирғизистон фуқароси маст ҳолда тожикистонликларнинг машинасини тўхтатиб, машина ойналарини тош билан синдириб ташлаган. Тожикистонликлар машинадан тушиб, уч нафар фуқаромизни калтаклашган. Учрашув бўлиб ўтди. Ким айбдор экани аниқланади», — деб ёзади Ўрунбеков. Бир соат ўтгач, бу пост ўчирилган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, можаро Тожикистон фуқаролари томонидан қўзғатилган. Департаментнинг билдиришича, икки нафар қирғизистонлик Оқсой-Кўктош йўли бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган.
«Айни вақтда Ворух (ТР) анклавидан Хўжаи-Аъло қишлоғи томон йўл олган Тожикистон фуқароларига тегишли 8 та автомашинадан иборат колонна йўл бўйлаб кетаётган бўлган. Тожикистон фуқаролари ўз машиналарида Қирғизистон фуқароларининг машинасини кесиб ташламоқчи бўлишган. Оқибатда Дача массивида Қирғизистон ва Тожикистоннинг юқорида қайд этилган фуқаролари ўртасида муштлашув келиб чиққан», — дейилади Қирғизистон махсус хизмати хабарида.
Можаро жойига Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмаси ходими етиб келган.
«Бироқ у воқеа жойига яқинлашганда, Тожикистон фуқаролари – Хўжаи-Аъло қишлоғи аҳолиси унга ҳужум қилган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходими у ердан чиқиб кетишга муваффақ бўлган, бироқ Тожикистон фуқаролари уни калтаклашга уринган, шунингдек унинг машинасининг орқа кўзгусини синдиришган», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Оқсой қишлоқ йиғини раҳбари Алимбек Собиров 24.kg нашрига ҳамюрти машинасининг ойнаси сингани суратини тақдим этган.
«Қишлоқдошимиз рафиқаси билан йўлда бўлган. Кортеж икки томондан камералар билан ҳаракатлананиб, машинанинг ўтишига имкон бермаган. Қирғизистонлик айланиб ўтмоқчи бўлган. Шундай қилиб, можаро бошланган. Улар Оқсой қишлоғида яшовчи одамни калтаклай бошлаганларида, яна икки қирғизистонлик югуриб келиб, уни ҳимоя қилишга уринган. Айтиш мумкинки, томонлар шунчаки йўл талашган. Куни-кеча барча муштлашув иштирокчилари билан учрашдим. Ҳамма ҳушёр эди. Жабрланувчининг хотинидан эрининг ичгани борасида деб сўрадим. У «йўқ» деб жавоб берди. Мен одамлардан эксперт хулосасисиз воқеани изоҳлашдан тийилишини сўраган бўлардим», — дейди Собиров. Унинг қўшимча қилишича, жароҳатланган қирғизистонликлар шифохонага етказилган.
Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, воқеадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва томонларнинг маҳаллий ҳокимиятлари вакиллари ўртасида бир нечта учрашувлар ўтказилган. Музокаралар натижасида Дача массивида ва «Хўжаи-Аъло» чегара пости олдида ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашга қарор қилинган. Илгари назорат пунктлари ўрнатилган йўлларда автомобиллар ҳаракати тикланган. Томонлар чегара ҳудудларида низоли вазиятларнинг олдини олиш ва ҳудудни биргаликда патрул қилиш чораларини кўришга келишиб олдилар. Тожикистон томони Қирғизистон ИИВ ходими автомобилига етказилган зарарни қоплашга тайёрлигини билдирган, дея қўшимча қилади Чегара қўшинлари хизмати.