Қирғизистон Москвада такси ҳайдовчиси ноҳақдан калтаклангани юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди

Москвадаги Қирғизистон элчихонаси биноси. provizu.ru сайти фотосурати

Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Москвада қирғизистонлик такси ҳайдовчисига қилинган ҳужумдан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди, деб хабар қилади Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати 3 август куни.

Хабарда айтилишича, такси ҳайдовчисига 18 июль куни ҳужум қилинган. Жабрланувчи элчихонага мурожаат қилмаган. Дипломатлар уни калтаклангани видеоси Youtube да эълон қилингани ва ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг қидира бошлаган.

Элчихона жабрланувчи билан боғланган, унга зарур консуллик ва юридик ёрдам кўрсатилмоқда. Воқеа юзасидан дипломатик миссия «жабрланган ватандошнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда».

MSK1.RU маълумотларига кўра, Россияда пропискага эга бўлган қирғизистонлик ҳайдовчининг исми-шарифи Шамил Муратов. У йўловчига машинада пиво ичишига рухсат бермаган. Шундан сўнг йўловчи такси ҳайдовчисини калтаклай бошлаган.

Йўловчи Игорь Маисурадзе нашрга «жаҳли чиқиб кетгани»ни, ҳайдовчи унга «қўпол»дек туюлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, такси ҳайдовчиси муштлашувдан сўнг қалампир газли баллондан фойдаланган, натижада Маисурадзенинг кўзи куйган.

Ҳужумдан сўнг Муратов касалхонага борган, у ерда «кўз қовоғи устидаги жароҳат ва жағи синганлик» ташхиси қўйилган. Такси ҳайдовчиси полицияга мурожаат қилган, бироқ полиция ходимлари жиноий иш қўзғатишдан бош тортишган.

Бироқ, бир қатор россиялик блогерлар туфайли юзага келган оммавий норозилик ва Қирғизистон расмийларининг муносабати билан Москванинг Басманний тумани Ички ишлар бўлими Муратовни жабрланувчи деб тан олишга ва Россия ЖК 116-моддаси («Дўппослаш») билан иш қўзғатишга мажбур бўлди. Ўз навбатида қирғизистонлик ишлаётган такси хизмати Маисурадзени ўзининг қора рўйхатига киритиб қўйди.