Тожикистонда уч собиқ милиция ходими маҳбуснинг ўлимига сабаб бўлган қийноқлар қўллагани учун қаттиқ режимдаги колонияда 14 йиллик қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинди. Бу ҳақда матбуот анжуманида Хатлон вилоят суди судяси Ҳусайн Одиназода маълум қилди, деб хабар беради «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати).
Жорий йилнинг 2 январдан 3 январга ўтар кечаси Хатлон вилояти ИИБ Кўлоб ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан Кўлоб шаҳрида яшовчи 37 ёшли Абдуқаҳҳор Рўзиқов қўлга олинган. У 5000 сомоний (457 доллар) қийматидаги 356 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотишда гумон қилинган.
Бир неча йил аввал Рўзиқов гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ у шартли равишда озод қилинган ва ҳар ҳафта милиция бўлимида қайддан ўтиб турган.
3 январь куни кечқурун Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Розиқовнинг ўлими ҳақида хабардор қилинган ва ўлим сабабини амфетаминнинг ҳаддан ташқари дозадаги истеъмоли деб кўрсатилган.
«Фуқаро А.Розиқов қўлга олингунга қадар амфетамин (кристалл) нинг ҳаддан ташқари дозасини истеъмол қилган, натижада у ИИВнинг Хатлон вилояти Кўлоб ҳудудий бошқармасига олиб кетилаётганда ҳалок бўлган», — дейилади ИИВ хабарида.
Ўша куни кечқурун Розиқовнинг яқинлари маҳаллий ўликхона олдига йиғилиб, унинг ўлимига сабабчи бўлганларни топиб, жавобгарликка тортишларини талаб қилишган. Марҳум Сафар Ғиёевнинг амакисининг сўзларига кўра, жияни жасадида қийноқ излари кўп бўлган.
Комиссия Кўлоб ҳокими иштирокида уч нафар милиция ходими ҳибсга олингани ва сўроқ қилингани ҳақида эълон қилгандан кейингина Рўзиқовнинг жасади ўликхонадан олиб кўмилган.
Ҳусайн Одиназоданинг сўзларига кўра, суд Шамшод Шарифзода, Зафар Холов ва Жамшед Кароматовлар Розиқовни ҳақиқатан ҳам қийноққа солганини исботлаган.
Маҳкумлар ҳукмга рози бўлмаган ва унинг устидан шикоят қилмоқчи, дейди собиқ милиция ходимларидан бирининг адвокати «Азия-Плюс» нашрига. Унинг сўзларига кўра, суд ҳимоячиларнинг важлари ва экспертиза натижаларини ҳисобга олмаган, унга кўра жабрланувчининг қонида амфетамин топилган.
«Биз суд ҳукмини нохолис ва ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Дастлабки тергов жараёнида ҳам, суд жараёнида ҳам кўплаб қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Шуларни ҳисобга олиб, суд ҳукмини ноқонуний деб ҳисоблаймиз ва унинг устидан Олий судга шикоят қиламиз», — дейди адвокат.