ОАВ: «Қумтор»нинг собиқ раҳбари икки компания бошқаруви учун ойига 100 минг доллардан ойлик олган

Тенгиз Болтурук. tazabek.kg сайти фотосрати

Қирғизистон «Кумтор Голд Компани» собиқ ташқи менежери Тенгиз Болтурук икки ташкилотни бошқаргани учун жами 100 минг доллар маош олган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Kaktus.media хабар беради.

Болтурук «Кумтор Голд Компани» дан ойига 55 минг доллар, «Буюк кўчманчилар мероси» холдингидан 45 минг доллар олган, у ерда бошқарув раиси бўлиб ишлаган.

Kaktus.media манбаларига кўра, аввалроқ, Ҳисоб палатаси аудит давомида 2021 йил августида Болтурук «Қумтор»даги ойлик иш ҳақи миқдорини 40 минг долларга, декабрда эса 55 минг долларга етказганини аниқлаган. Шу билан бирга, у иш ҳақини оширишни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган. 2021 йил май ойидан 2022 йилнинг февралигача Тенгиз Болтурукнинг компаниядаги умумий иш ҳақи миқдори 473,2 минг долларни ташкил этган.

Ўша йил декабрь ойида Болтурук Молия вазирлиги билан беш йиллик муддатли меҳнат шартномасини имзолайди, унга кўра, у «Буюк кўчманчилар мероси» миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси сифатидаги фаолияти учун ойига 45 минг доллар олади. Шу билан бирга, Болтурук молиявий йил якунлари бўйича мукофот пули, ижтимоий нафақалар ва кафолатлар, шунингдек меҳнат шартномаси ва жамиятнинг маҳаллий ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни олиш ҳуқуқига эга бўлган. Kaktus.media нашри томонидан эълон қилинган ҳужжат Қирғизистоннинг амалдаги молия вазири Алмаз Бакетаев томонидан имзоланган.

«Энг камторона ҳисоб-китобларга кўра, Тенгиз Болтурук Аяпберген уулу 2021 йил декабридан 2022 йил сентябрига қадар 600 минг доллар ишлаб топган», — дейилади нашрда.

Молия вазирлиги Болтурукга холдингда маош берилмаганини айтади.

«Айни пайтда жаноб Болтурук Тенгиз Аяпберген ўғлига иш ҳақи тўлаш бўйича республика бюджети ва «Буюк кўчманчилар мероси» Миллий холдинг компанияси бюджети маблағлари ҳисобидан ҳеч қандай харажатлар қайд этилмаган. Бу факт бухгалтерия ҳисоботлари билан тасдиқланади», — дейилади вазирлик жавобида.

ℹ️ Тенгиз Болтурук 2021 йил 17 майдан, корхонада ташқи бошқарув жорий этилганидан бери «Қумтор»га раҳбарлик қилиб келган. 2022 йил сентябрида Болтурукга нисбатан бир неча моддалар бўйича жиноий иш очилган. Тергов маълумотларига кўра, «Кумтор голд компани» мансабдор шахсларининг коррупцион ҳаракатлари натижасида давлатга 1 миллиард сўмдан (11 миллион доллардан ортиқ) ортиқ миқдорда зарар етказилган. Болтурук билан бирга яна бир неча киши ҳибсга олинган.

Жорий йилнинг март ойида Қирғизистон Бош прокуратураси «Қумтор» коррупция иши бўйича ҳибсга олинганларга 642 миллион сўм (7,3 миллион доллар) ундирилгани ҳақида хабар берган эди.

«Бу сумманинг атиги 10 миллион сўмини Тенгиз Болтурукнинг ўзи тўлаган. Тўловни 2023 йил 27 апрель куни Чингиз Турсунбекович Тўғузбоев амалга оширган, аммо унинг кимлиги номаълум», — дейди Kaktus.media манбалари.

Апрель ойида Болтурукка нисбатан эҳтиёт чораси ҳибсдан уй қамоғига ўзгартирилган, июль ойида эса суд унинг ҳибс муддатини 10 августгача узайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди