Ёз охирида Иссиқкўлда полиэтилен пакетлар ва бир марта ишлатиладиган идишларга тақиқ жорий этилади

eurasiamsu.ru сайти фотосурати

10 август куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда полимер плёнкали пакетлар ва пластмасса буюмлар муомаласини чеклаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат полимер материалларнинг саломатлик ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтгач кучга киради. Шу вақтдан бошлаб Иссиқкўл вилоятида, барча қўриқхоналар ва миллий боғларда айрим тоифадаги пластмасса буюмларини олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланади. 2024 йил 1 январидан Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ва биосфера ҳудудларида пластик маҳсулотлар ва полимер плёнкадан пакетлар ишлаб чиқариш тақиқланади.

Мамлакатнинг қолган қисмида тақиқлар 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Тақиқланган пластик маҳсулотлар рўйхатига қуйидагилар киради:

👉 барча турдаги бир марталик пластик идишлар;

👉 озиқ-овқат учун бир марталик пластик идишлар;

👉 ПEТ (полиэтилентерефталат, РEТ) пластик бутилкаси ;

👉 бир марталик тухум соладиган пластик идишлар;

👉 кофе сақланадиган пластик капсулалари;

👉 озиқ-овқат маҳсулотлари учун тўрли сумка.

Тақиқ экспорт учун ишлаб чиқарилган пакетларга, шунингдек биологик парчаланадиган полимер материаллардан тайёрланган, тутқичлари бўлмаган ва маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган пакетларга татбиқ этилмайди.

ℹ️ Қирғизистонда полиэтилен пакетлар муомаласини чеклашга уринишлар бир неча бор амалга оширилган. 2018 йили Қирғизистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги қалинлиги 20 микрондан кам бўлган плёнкалардан тайёрланган пакетларни тақиқлаш лойиҳасини ишлаб чиққанди – бу маҳсулотлар кўпинча бир марта қўлланилади, кейин эса чиқиндихонага тушади. Бироқ, лойиҳани тасдиқлашда иштирок этган бизнес вакиллари бу таклифни тўсиб қўйишганди.

Иссиқкўл қирғоқларида пластик идиш ва полиэтилен пакетлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан 2018 йил сентябрида ишлаб чиқилган, бироқ у кўриб чиқилганми-йўқми, бу номаълум.

2019 йили мамлакат ҳукумати ушбу турдаги пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаш харажатларини қоплаш учун пакетларга солиқ жорий этишни таклиф қилган. 2020 йили депутат Марлен Маматалиев полиэтилен пакетлар ишлаб чиқариш ва олиб киришни тақиқлашни таклиф қилганди. У 2023 йил 29 июнь куни парламент томонидан қабул қилинган ва 10 августда Президент томонидан маъқулланган қонун лойиҳаси муаллифига айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди