Қирғизистон президенти Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилиши сабабини тушунтирди

Ўзбекистонга бериладиган пансионатлардан бирининг бугунги аҳволи. ДМБДА матбуот хизмати фотосурати

Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилишига Қирғизистоннинг халқаро суд қарори билан Ўзбекистон томонига 40 миллион доллардан ортиқ пул тўлай олмагани сабаб бўлди, деди президент Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган изоҳида.

«Жорий йилнинг май ойида суд қарори қабул қилинди, унга кўра Қирғизистон томони 40 миллион доллардан кўпроқ тўлаши керак. Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йилга ижарага бера олишимиз ҳақида келишиб олдик, улар пансионатларни тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар даражасида модернизация қилишади: Бизнинг суд қарорида айтилган миқдорда суммани тўлашга имконимиз йўқ», — деди Қирғизистон президенти.

Жапаров Қирғизистон ҳукуматининг 2016 йили Иссиқкўл вилоятида жойлашган «Роҳат», «Олтин қум», «Бўстон» ва «Дилором» пансионатларини Ўзбекистондан тортиб олиш тўғрисидаги қарорини популистик деб атади.

«Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида ўйлаш керак эди. Агар халқаро судда бундай ҳаракат билан ютқазмаслигимиз учун кафолатлар бўлса, унда бундай ҳаракат мақсадга мувофиқ бўларди», — дея тушунтирди президент.

Унинг сўзларига кўра, 2016 йили Ўзбекистон Вашингтондаги халқаро судга 65 миллион доллар товон ундириш талаби билан мурожаат қилган. 2017 йили эса ўша пайтдаги Бош вазир Сапар Исоқов Ўзбекистон томонига мактуб йўллаб, унда тинч йўл билан, тўртта пансионатни қайтариш масаласини ишлаб чиқиш ва даъвони қайтариб олиш орқали муаммони ҳал қилишни таклиф қилган. Аммо ўзбек томони даъволаридан воз кечмаган ва якунда судда ғалаба қозонган.

ℹ️ Economist.kg нашри жорий йилнинг 8 августида эълон қилинган Global Arbitratioon Rewiew (GAR)га эътибор қаратган, унда «Қирғизистон АҚШ судига Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказининг Ўзбекистон инвесторларига Иссиқкўл қирғоғида жойлашган тўртта пансионатнинг миллийлаштирилиши муносабати билан Қирғизистондан 33 миллион доллар тўлаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилган. Economist.kg батафсил маълумот учун Қирғизистон Адлия вазирлигига мурожаат қилган, вазирликда АҚШ судларига мурожаат қилиш фактини тасдиқлашмаган, аммо инкор ҳам этишмаган ва яқин келажакда янгиланган маълумотларни тақдим этишни ваъда қилишган.

Жапаровнинг таъкидлашича, пансионатлар яроқсиз ҳолатга келган ва Қирғизистон кўтара олмайдиган катта сармояларни талаб қилади, бусиз ҳам республиканинг муҳим муаммолари тўлиб бошяпти.

«Агар бу тўртта пансионат сотилса, уларни ҳеч ким 4 миллион долларга ҳам сотиб олмайди, 40 миллионнику гапирмасаям бўлади. Уларни беш-ўн йилга ижара бериш қуюшқонгаям сиғмайди, зеро тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар қурилиши шунча вақт олади. Ҳеч бир давлат ўз инвестицияларини тўлаш кафолати бўлмаса, катта маблағ киритишга рози бўлмайди», — деди Қирғизистон президенти.

Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги (ДМБДА)нинг аниқлик киритишича, «Олтин қум», «Дилором», «Роҳат» ва қурилиши битмаган «Бўстон» пансионатлари ўзбекистонлик инвесторларга узоқ муддатли фойдаланиш учун 49 йилга, ер участкалари эса ижара асосида ўтказиладми. Бунинг эвазига инвесторлар объектларни реконструкция қилишни амалга оширадилар, уларни уч ёки тўртта юлдуз даражасига олиб чиқадилар. Пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.

Бунда:

👉 «Олтин қум» пансионати «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилади;

👉 «Дилором» пансионати – «Асакабанк» акциядорлик жамиятига;

👉 «Роҳат» пансионати – «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки» акциядорлик жамиятига;

👉 қурилиши тугалланмаган «Бўстон» объекти – «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик жамиятига.

Ҳар бир объект учун тахминий сармоя миқдори 15-20 миллион долларни ташкил қилади.

«Пансионатларни реконструкция қилиш лойиҳалари уларнинг халқаро стандартлар асосида тўлиқ ва самарали ишлашини таъминлаш, тозалаш иншоотларини таъмирлаш, шунингдек республика ва маҳаллий бюджетларга солиқ тушумларини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, туристлар оқимини сезиларли даражада ошириш ва ундан келадиган даромадларни сезиларли даражада ошириш имконини беради», — дейилади Давлат агентлиги хабарида.

Натижада, ДМБДА прогнозларига кўра, солиқ тушумлари ҳажми йилига 130 миллион сўмдан (тахминан 1,5 миллион доллар) ошади, ҳар бир объектда 200 га яқин иш ўрни яратилади. Маҳаллий тадбиркорлар пансионатлар ҳудудида кафе, ресторанлар, кинотеатрлар ва шу кабиларни очиш имкониятига эга бўладилар.

ℹ️ Иссиқкўлда ўзбек пансионатлари 1960 йиллар охирида СССР Вазирлар Совети бу кўлни Бутуниттифоқ курорт деб эълон қилганидан кейин пайдо бўлган ва Қирғизистон ССРда пансионатлар қуриш учун маблағ йўқлиги сабабли буни амалга ошириш бошқа республикаларга берилган. Натижада қўшни ва бадавлат Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ҳар бири Иссиқкўлда тўрттадан пансионат қуришган.

СССР парчаланганидан кейин бу мулклар бўлина бошлаган. 1992 йили томонлар пансионатлар Қирғизистон мулкига ўтиши, аммо МДҲнинг бошқа давлатларининг юридик шахслари улардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида келишиб оладилар. Яъни Қирғизистон бу пансионатлар учун ижара ҳақи ола бошлайди. 2008 йил март ойида Тошкент тўртта Иссиқкўл пансионатига эгалик ҳуқуқини тан олишга уринди. 2009 йил декабрь ойида Қирғизистон томони ўзбек газини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораркан, Ўзбекистонга қўшимча имтиёз сифатида ушбу масала бўйича махсус комиссия тузишга рози бўлган, бироқ бу борада якуний қарор қабул қилинмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди