Бишкек ИИББ бошлиғи товламачиликда айбланган орган ходимлари сабаб ишдан бўшатилди

Қўлга олинган ГНҚКХ ходимлари. azattyk.org коллажи

Полиция полковниги Азамат Ноғойбаев Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) бошлиғи лавозимидан четлатилди. Бу қарор товламачиликда гумонланаётган Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати (ГНҚКХ) нинг бир гуруҳ ходимларига нисбатан олиб борилган хизмат текширувидан сўнг қабул қилинди, деб хабар беради Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати.

Бишкек ИИББ бошлиғи лавозимига аввал Талас вилояти ИИБни бошқарган милиция полковниги Азамат Токтоналиев тайинланди.

ГНҚКХнинг беш нафар ходими ҳибсга олингани 17 август куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, гиёҳванд моддаларга қарши курашувчилар мессенжерлар ёрдамида синтетик наркотикларни шахсий фойдаланиш учун сотиб олган шахсларни аниқлашган ва қўлга олишган, сўнгра наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид аниқланган фактларни яшириш эвазига улардан пул ундириш билан шуғулланишган. Ҳибсга олиш жараёнини кейинчалик шантаж қилиш учун суратга олишган. Улар 20 минг сўмдан (227 доллар) 5 минг долларгача бўлган пулни олгач, қурбонларини қўйиб юборишган. Тергов сўнгги икки йил ичида содир бўлган 200 дан ортиқ шунга ўхшаш фактларни аниқлаган.

Мазкур ходимларга нисбатан «Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда муомала қилиш», «Пора олиш» ва «Жиноий гуруҳ яратиш» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Бешови икки ойга – 15 октябргача ҳибсга олинган.

ИИВ томонидан ўтказилган ички ишлар текшируви натижасида 18 нафар раҳбар интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, улардан олти нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 12 нафари турли хил жазоларга тортилган. Азамат Ногойбаевдан ташқари Бишкек ИИББ бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари, полиция полковниги Қиличбек Жолдошов, Қирғизистон пойтахти ИИБ ГНҚКХ бошқармаси бошлиғи, милиция полковниги Мухторбек Токтоғулов, Чуй вилояти ИИБ ГНҚКХ бошқармаси бошлиғи, милиция полковниги Азамат Имангазиев ҳам ўз лавозимидан айрилган.