Бишкек прокуратураси Қирғизистон пойтахтининг Октябрь ва Первомайский туман судларига Kloop Медиа жамоат фондини тугатиш тўғрисида даъво аризасини киритди. Бу ҳақда Kloop хабар беради.
Даъво аризаси «низом доирасидан ташқарига чиқадиган фаолиятни амалга оширганлик» юзасидан берилган. Аризада айтилишича, низомга кўра, жамғарма Қирғизистонда журналистикани ривожлантириш ҳамда «ёшлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакилларини ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича ўз фикрларини эркин ифода этишлари учун ахборот платформаси билан таъминлаш билан шуғулланади». Шу билан бирга, жамғарма уставида кўзда тутилган фаолият доирасидан ташқарига чиқадиган ахборотни тарқатиш қайд этилмаган, Kloop нашри эса давлат ОАВ реестрида қайд этилмаган, деб тушунтиради даъво муаллифи, Бишкек прокурори Эмилбек Абдиманнапов.
Аризада таъкидланишича, Kloop чоп этаётган материаллар «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган. Бундан ташқари, нашрларнинг аксарияти давлат ва муниципал органлар вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган соф негатив хатактерга эга».
Абдиманнаповнинг сўзларига кўра, ўз нашрларида Боткен вилояти аҳолисининг муаммолари ҳақида гапирар экан, Kloop сиёсий тор фикрлиликни кўрсатмоқда ва Қирғизистон ҳукуматининг чегарадош вилоятлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига эътибор бермаяпти.
«Kloop фаолияти Боткен вилоятидаги демографик вазиятни ўз фойдасига ўзгартирмоқчи бўлган қўшни давлат (Тожикистонни назарда тутади. – «Фарғона» изоҳи) мақсадларига тўлиқ жавоб беради», — дейди Бишкек прокурори «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш ниятини илгари сураркан.
Даъво аризаси 22 август куни берилган. Орадан тўрт кун ўтиб Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Klooрнинг мамлакатда Испаниянинг «Барселона» футбол клуби академиясининг очилиши юзасидан олиб борган суриштирувларига изоҳ берар экан, нашр ходимларини зарар келтиришда қилишда айблаган.
«Саволингизга жавобимни Kloop каби сайтлар таҳририятида ишлайдиган ва ўзини мустақил журналист деб атайдиганларга мурожаат қилишдан бошлайман. Сизларда бошиданоқ қирғизларга фойда эмас, фақат зарар келтириш ёндошуви шаклланган. Бу бошқа кетмайди. Сиздан бир илтимосим бор: агар Қирғизистон манфаати учун ишлай олмасангиз, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилманг. Фақат салбий ҳолатларни ёритиб, «тирноқ остидан кир қидириб», сиз мамлакатга миллиардлаб сармоя киритишга тайёр инвесторларни чўчитяпсиз», — дейди Жапаров.
22 август куни чоп этилган «Барселона» академиясининг очилиши ҳақидаги хабарда футбол эгалари орасида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ва Садир Жапаровнинг яқинлари ҳам борлиги айтилган.
«Ҳа, ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий сармоядорлар иштирок этмоқда», — дея тасдиқлайди Қирғизистон президенти.
Унинг таъкидлашича, лойиҳа фақат хусусий маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
«Давлат бюджетидан бир тийин ҳам олинмаган. Давлат ёрдам берган ягона нарса бу қурилиш учун 16 гектар майдонни ажратиш бўлди. «Барселона» академияси келажакда бу 16 гектарни 16 баробар оқлайди», — дейди Қирғизистон президенти.
ℹ️ Kloop мустақил нашри 2006 йилдан бери фаолият юритади ва унинг учта ваколатхонаси бор — Бишкек, Ўш ва Варшавада. Нашрда 70 га яқин киши ишлайди. Нашр тўрт тилда – рус, қирғиз, инглиз ва ўзбек тилларида долзарб воқеаларни ёритади, текширувлар ўтказади, сайлов кузатувларини ташкил этади ва мультимедиа контентини яратади. Kloop иштирокидаги энг шов-шувли текширувлардан бири 2019 йили чоп этилган бўлиб, унда Қирғизистон божхонасидаги йирик коррупция ҳақида сўз боради. Kloop бир неча бор Қирғизистон расмийларининг босимига дуч келган ва асосий ресурс блокланган тақдирда ўз материалларини такрорлайдиган акс кўзгу-сайтини яратган.