Аёллар ва болалар махсус рейс билан Суриядан Қирғизистонга олиб келинди

Суриядан қайтарилган Қирғизистон фуқаролари. Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

30 август куни Суриядан Қирғизистонга махсус самолёт билан 31 аёл ва 64 бола қайтарилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.

Махсус рейс йўловчиларига айланган Қирғизистон фуқаролари Сурия шимоли-шарқидаги лагерда бўлишган. Репатриация яна бир инсонпарварлик миссияси доирасида амалга оширилган.

«Қирғизистон Республикаси фуқароларини Суриядан репатриация қилишнинг иккинчи босқичини муваффақиятли амалга ошириш ваколатли давлат органларининг ташқи сиёсат, миллий хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги яхши мувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорлиги туфайли амалга ошди», — дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик АҚШ ҳукуматига қарийб юз нафар фуқаронинг ватанига қайтишига «ҳар томонлама моддий-техник ёрдам кўрсатгани учун», шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шу билан бирга, Қирғизистондан инсонпарварлик миссияси доирасида Сурия шимоли-шарқидаги маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари учун дори-дармонлар етказиб берилган.

Аввалги репатриация амалиёти жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтганди: Суриядан Қирғизистонга 18 нафар аёл ва 41 нафар бола қайтарилганди. Кейинчалик республика Ташқи ишлар вазирлиги ватанга қайтариш Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғига биноан «Айкол» («Саховат») гуманитар миссияси доирасида амалга оширилганини маълум қилди.

«Ироқ ва Шом Ислом Давлати»* (ИШИД) террорчилик гуруҳи жангарилари халқаро коалиция авиацияси ёрдамида маҳаллий курд қўшинлари томонидан мағлубиятга учраганидан сўнг, уларнинг фарзандлари ва хотинлари Сурия шимоли-шарқидаги махсус лагерларга жўнатилган. 2014 йилдан 2019 йилгача таркибида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган ИШИД Сурия ва Ироқда фаол ҳарбий амалиётлар ўтказган.

2017 йили Ироқ ҳукумати ўз ҳудуди ИШИД жангариларидан озод қилинганини эълон қилган эди. Сурияда гуруҳ ниҳоят 2019 йили мағлубиятга учраган. Ўрта Осиё давлатларининг асирга олинган фуқаролари ихтисослаштирилган лагерларга жўнатилган, уларнинг бир қисми суд қарори қамоққа олинган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати