Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Бишкекни «Клооп»ни таъқиб этишни бас қилишга чақирди

reporter.kg сайти фотосурати

Олтита халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларини «Клооп» (Kloop.kg) мустақил нашрини таъқиб этишни бас қилишга чорловчи мурожаатни имзолаган.

«Биз, қуйида имзо чеккан инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Қирғизистон ҳукуматининг етакчи мустақил ахборот портали Kloop.kg бошқарувчиси бўлмиш «Клооп Медиа» жамоат фондини ёпишга доир қароридан хавотирдамиз.

Биз Қирғизистон ҳукуматини мустақил, тергов ва инсон ҳуқуқларига йўналтирилган хабарлар туфайли ОАВни ёпиш тўғрисидаги даъвони зудлик билан қайтариб олишга ва уни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирамиз», — дейилади мурожаатда.

Ҳужжат Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Freedom Now, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки жамғармаси (HFHR), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH), Норвегия Хелсинки қўмитаси (NHC) ва Жаҳон қийноқларга қарши ташкилоти (OMCT) томонидан имзоланган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, прокурор даъвосида қўлланилган важлардан шу нарса аёнки, мазкур ҳаракат Kloop нашри томонидан расмийлар учун ноқулай бўлган масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳукумат коррупциясининг мустақил ёритилишига жавобан бошлангани аниқ.

«Kloopни ёпиш тўғрисидаги даъвони оқлаш учун қўйилган айбловлар бемаънилик, қисман ҳатто кулгили ва улар мансабдор шахсларнинг жамоатчилик назоратини, танқидни ва жавобгарликни ёқтирмаслигидан келиб чиққани аниқ», — дейилади мурожаатда.

Бироқ, бу даъво платформага нисбатан таҳдидни камайтирмайди, деб таъкидлайди ҳужжат муаллифлари.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бишкек прокуратураси Kloopга қарши 2021 йил ноябрида «Ҳокимиятни эгаллаб олишга оммавий чақириқ» моддаси бўйича қўзғатилган судгача бўлган ишларнинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаганига эътибор қаратишади.

«Аммо, судгача бўлган иш юритиш ҳақида гап кетганда, Kloop ва унинг вакиллари янада жиддийроқ босимга дучор бўлиши мумкинлиги хавотир уйғотади. Сўнгги пайтларда Жиноят кодексининг ушбу моддаси ҳукумат учун нозик мавзуларда ёзаётган блогерларга нисбатан бир неча бор жиноий иш қўзғатишда қўлланилмоқда», — дея изоҳ беради мурожаат муаллифлари.

Улар Kloopни ёпиш таклифи Қирғизистоннинг сўз ва ОАВ эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларига зид эканлигини таъкидлайдилар. Аввалроқ, республика ҳукумати жамоатчиликни қизиқтирган масалаларни эркин муҳокама қилишга кўмаклашиш, ҳукумат ёки ижтимоий-сиёсий тизимни танқид қилган оммавий ахборот воситалари, ноширлар ва журналистларни таъқиб қилинишига йўл қўймаслик мажбуриятини олган эди.

«Kloop материаллари каби тергов ва танқидий ҳисоботлар сиёсий жараёнларнинг шаффофлиги ва ҳокимият тепасида турганларнинг жавобгарлигини таъминлашнинг асосий элементидир», — дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Уларнинг таъкидлашича, Kloopнинг таъқиб қилиниши Қирғизистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани фонида содир бўлмоқда.

«Охирги икки йил ичида мамлакат ҳукумати жамоатчиликни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинишига йўл қўймаслик ва ҳокимият тепасида турганларнинг танқидига чек қўйиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди. Мустақил оммавий ахборот воситаларига босим кучайди, ҳалол журналист ва фаолларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятига тааллуқли бир қанча муаммоли қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мустақил ахборот сайтлари «ёлғон» маълумотлар тарқалишининг олдини олиш баҳонасида қайта-қайта тўсиб қўйилган», — дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Улар Европа Иттифоқи ва Қирғизистоннинг бошқа халқаро ҳамкорларини мазкур мурожаатни қўллаб-қувватлашга чақирди ва Бишкекни «сўз эркинлиги ва бошқа асосий ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро мажбуриятларга эътибор бермаслик Қирғизистон билан келгуси ҳамкорлик учун салбий оқибатларга олиб келиши» ҳақида огоҳлантирди.

Хусусан, мурожаат муаллифларига кўра, Қирғизистоннинг Европа Иттифоқининг ЕС GSP+ савдо схемаси бенефициари сифатидаги мақоми қайта баҳоланиши лозим. Ушбу схема бўйича, Европа Иттифоқи бенефисиар мамлакатлардан товарларга божсиз киришни таъминлайди.

ℹ️ 22 август куни Бишкек прокуратураси Қирғизистон пойтахтининг Октябрь ва Первомайский туман судларига Kloop Медиа жамоат фондини тугатиш тўғрисида даъво аризасини киритган. Аризада айтилишича, низомга кўра, жамғарма Қирғизистонда журналистикани ривожлантириш ҳамда «ёшлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакилларини ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича ўз фикрларини эркин ифода этишлари учун ахборот платформаси билан таъминлаш билан шуғулланади». Шу билан бирга, жамғарма уставида кўзда тутилган фаолият доирасидан ташқарига чиқадиган ахборотни тарқатиш қайд этилмаган, Kloop нашри эса давлат ОАВ реестрида қайд этилмаган. Аризада таъкидланишича, Kloop чоп этаётган материаллар «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган. Бундан ташқари, нашрларнинг аксарияти давлат ва муниципал органлар вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган соф негатив хатактерга эга».

«Клооп» бош муҳаррири Анна Карпушенко пойтахт прокуратураси қўзғатган даъвони «Бакиев ҳокимиятда бўлган 2010 йилдаги босим билан солиштириш мумкин бўлган омилдир» деб атайди.

«Биламизки, ўша пайтда ҳам улар журналистларга босим ўтказишган, нашрлар ёпилган, баъзи қотиллик ҳолатлари ҳам борлигини биламиз... Ҳокимият норози одамларнинг оғзини ёпиш учун ҳар қандай усулдан фойдаланади», — деди нашр раҳбари.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Front Line Defenders ва Human Rights Watch (HRW) каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ҳамжамияти нашрни ҳимоя қилиб чиқишди. «Реформа» («Ислоҳотлар») партияси прокурор даъвосини Қирғизистонда сўз эркинлигини чеклаш ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини бузишга қаратилган навбатдаги очиқ уриниш деб атади.

«Энди ҳеч нарсадан тап тортмай, мустақил матбуот ёпилишига ҳокимият танқид қилинганини рўкач қилишяпти. Бундай ўзбошимчалик ҳеч бир собиқ президент даврида содир бўлмаганди»,деб таъкидлайди сиёсий ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди