Тожикистон Бош прокуратураси қотилликда гумон қилинган банкир ўлими ҳақидаги маълумотни рад этди

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон Бош прокуратураси «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаш ва ўлдиришда гумон қилинаётган Акбар Аҳмедов тергов изоляторида вафот этгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда назорат агентлиги раҳбари Юсуф Раҳмоннинг «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) таҳририятига йўлланган мактубида сўз юритилган.

5 сентябрь кунги ҳужжатда Раҳмон Аҳмедовнинг «қўлга олингани ва ҳозирда тергов ҳибсхонасида» эканини таъкидлаган.

Бош прокурорнинг қўшимча қилишича, радиостанция томонидан гумонланувчининг ўлими ҳақидаги маълумотлар «ишончли далиллар билан тасдиқланмаган» ва кўплаб оммавий ахборот воситалари бу «нотўғри маълумот»ни қайта чоп этишган. Прокуратура бошлиғининг ёзишича, нашр тергов изоляторида сақланаётган шахснинг ўлими ҳақидаги хабарни чоп этиш орқали «давлат манфаатлари, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини» поймол қилган.

Бундан ташқари, республика Бош прокурори ҳукуматнинг Россияда яшириниб юрган тожикистонлик фуқарони ватанига қайтариб, полицияга таслим бўлишга мажбурлаш мақсадида Аҳмедовнинг онасини ҳибсга олгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Бироқ, «Озоди»нинг ёзишича, таҳририят манбалари банкир қотиллигида гумонланувчи шахс Душанбедаги тергов изоляторида қийноқлардан вафот этгани ҳақидаги гапида қаттиқ туришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, маҳбуснинг ўлими — Аҳмедовнинг маҳаллий телеканалларда айбига иқрор бўлиб чиқмагани факти билан тасдиқланади, зеро Тожикистон хавфсизлик кучлари бу усулдан тез-тез фойдаланадилар.

Аҳмедовнинг тергов изоляторида вафот этгани ҳақидаги хабар бир неча кун аввал пайдо бўлганди. Шу билан бирга, вазиятдан хабардор одамлар гумондорнинг ёпиқ тобутдаги жасади 30 август куни қариндошларига топширилганини ва уларга воқеа ҳақида гапириш тақиқлаб қўйилганини таъкидлайдилар. Айрим манбаларга кўра, маҳбус сўроқ пайтида қаттиқ қийноқлар натижасида вафот этган.

ℹ️ Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, 23 июнь куни кечқурун Душанбенинг Закариёи Рўзи кўчасида тўрт нафар номаълум шахс Исматуллоевга ҳужум қилиб, уни куч билан машинага ўтқазишган. Ички ишлар вазирлиги молиячининг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 30 минг доллар таклиф қилган.

7 июль куни Тожикистон Бош прокуратураси Исматуллоев хавфсизлик хизмати ходими Дилшод Саидмуродов (Дилшоди С.Б.) томонидан тузилган ва камида ўн кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ қурбонига айлангани ҳақида хабар берган. Ўғирланган кечада банкир қийноққа солинган, кейин ўлдирилган. Бу ҳолатда беш киши қўлга олинди, уюшган жиноий гуруҳнинг бир неча аъзоси республикани тарк этишга муваффақ бўлди.

15 август куни Бош прокуратура Тожикистон шимоли-ғарбидаги Пенжикент шаҳри яқинида «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг жасади топилгани ҳақида хабар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ