Тожикистон ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари саралаш турнири якунларига кўра, 2024 йили Қатарда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги турда Эронни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ягона гол 47-дақиқада Аббос Файзуллаев томонидан киритилди. Эрон икки марта ғалаба қозонганига қарамай, турнир йўлланмасидан маҳрум бўлди: мамлакат терма жамоаси саралашда энг яхшилар қаторига киролмади.
Тожикистон терма жамоаси сўнгги турда Австралия билан дуранг ўйнади. Кэмерон Попионнинг 12-дақиқада урган голига тожикистонликлар 28-дақиқада Рустам Соировнинг голи билан жавоб қайтаришди. Ҳар икки жамоа 4 очкодан жамғарган ва U-23 Осиё кубоги финал босқичида иштирок этади.
Туркманистон ёшлар ўртасидаги Осиё Кубогига чиқиш учун яхши имкониятга эга эди, бироқ сўнгги турда Индонезия терма жамоасига имкониятни бой бериб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади, бироқ энг яхшилар рўйхатига киритилмади. Саралаш натижаларига кўра, Қирғизистон атиги бир очко жамғарган бўлса-да, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади, аммо бу ҳол уларга ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши жамоалар қаторига киришга ёрдам бермади.
Тожикистон ва Ўзбекистондан ташқари Иордания, Жанубий Корея, Вьетнам, Япония, Ироқ, БАА, Таиланд, Австралия, Саудия Арабистони, Индонезия, Қувайт, Хитой ва Малайзия U-23 Осиё кубогига йўл олди.
16 ноябрь куни 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги финал қисми гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Турнирнинг ўзи 15 апрелдан 3 майга қадар Қатар шаҳарларида бўлиб ўтади. Осиё Кубогининг энг яхши учта терма жамоаси 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олади. Ёшлар ўртасидаги Осиё кубогининг амалдаги чемпиони финалда Ўзбекистонни мағлуб этган Саудия Арабистони терма жамоаси ҳисобланади.