Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси олдида туркманистонлик фаоллар иштирокида сиёсий маҳбуслар – Мансур Мингелов, Нургелди Холиқов ва Мурат Душемовни озод қилинишига доир митинг бўлиб ўтди. Акция 25 сентябрь куни бўлиб ўтган, деб хабар беради Turkmen-news.
Аввалроқ, 22 сентябрь куни Мингеловнинг соғлиғи ёмонлашгани маълум бўлган эди. Суяк туберкулёзи унинг тос бўшлиғи ва умуртқа поғонасига тарқалган ва маҳкум деярли юриш қобилиятини йўқотган. Шу билан бирга, уни МР-Б/15 қамоқхона касалхонасидан LB-K/11 қаттиқ тартибли колонияга қайтариш ниятида бўлишган. Қамоқхона шифохонаси врачларининг шахсий суҳбатларда айтишларича, Мингеловнинг бир неча ой умри қолган.
2012 йили Мансур Мингелов вояга етмаганларни аксилижтимоий ишларга жалб этиш, порнография тарқатиш, контрабанда ва наркотик моддалар савдоси каби уйдирма иш бўйича 22 йилга озодликдан маҳрум этилган. Мухолифатга кўра, у ўзи мансуб бўлган балужлар этник халқи ҳуқуқлари учун фаол курашгани боис ундан ўч олишган.
Холиқов 2020 йил сентябрида Turkmen.news таҳририятига Туркманистондаги COVID-19 эпидемияси билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Ашхободга келган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) делегациясининг фотосуратларини юборганидан сўнг қамоққа олинган эди. Маълумки, расмийлар мамлакатда ковид мавжуд эмаслигини таъкидлаб келишган. Бундан ташқари, у фотосуратларни ўзи олмаган, лекин уларни ижтимоий тармоқдаги дўстининг саҳифасида кўрган. Холиқов фирибгарлик иши бўйича 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Душемов 2021 йили товламачилик ва соғликка қасддан ўртача оғирликда шикаст етказиш иши бўйича тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қамоққа олинишидан олдин у Туркманистонда COVID-19 ҳақида видеоблог юритган.
Ўтган йиллар давомида ушбу жамоат фаоллари афв этилганлар қаторига киритилмаган — гарчи сиёсий маҳбуслар вақти-вақти билан озод этилиб келинса ҳам. 2023 йил 22 сентябрь куни Туркманистон Мустақиллик куни муносабати билан бугунга қадар сўнгги оммавий афв этиш эълон қилинган эди. Афв 1180 кишини қамраб олди. Холиқов, Мингелов, Душемов ва бошқа сиёсий маҳбуслар, маълум бўлишича, рўйхатга киритилмаган.
2023 йил май ойида Холиқов, Душемов, шунингдек сиёсий маҳбус Алламурат Корхановдан БМТнинг Туркманистондаги доимий координатори Дмитрий Шлапаченко номига йўллаган мактуби ОАВга тушиб қолган. Координатор мазкур масала бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг Женевадаги идораси билан алоқада бўлишини ва ОАВ учун ҳеч қандай изоҳи йўқлигини қўшимча қилган.