Тожикистон ва Қирғизистон «барча чегара масалаларини ҳал қилувчи» протоколни имзолади

Камчибек Ташиев (чапда) ва Саймўмин Ятимов. Тожикистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг учрашувида музокарачилар таъкидлаганидек, барча чегаравий муаммоларни ҳал қилиш учун асос бўлган баённома имзоланди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 2 октабр куни Боткенда тожик-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтган. Делегацияларга республикаларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмиталари раислари бошчилик қилганлар: Душанбедан Саймўмин Ятимов, Бишкекдан Қамчибек Ташиев иштирок этган.

Протоколнинг мазмуни ошкор этилмаган. Имзоланишдан кейин бўлиб ўтган брифингда Ятимов ушбу ҳужжат амалга оширилса, «Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги авваллари можаролар учун асос ва шарт бўлган барча масала ва муаммоларни ҳал қилишини» айтди, деб ёзади «Азия-плюс».

Ташиевнинг қайд этишича, мазкур протокол икки давлат томонидан келишилган.

«Бу бизга барча чегаравий муаммоларни ҳал қилиш учун асос беради. Худо хоҳласа, яқин кунларда давлат чегарасини белгилаш бўйича якуний қарорни қабул қиламиз. [...] Бугун биз имзолаган қарорлар чегара тинч, барқарор бўлиб, халқларимиз дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшашига асос бўлади», — дея Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Kloop.

Айни вақтда музокараларда иштирок этган Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубоевнинг айтишича, протокол чегара масаласига чек қўймайди.

«Чегара муаммоси ҳали тўлиқ ҳал этилмаган, уни бир кунда ҳал қилиб бўлмайди. Кеча фақат тамойиллар келишиб олинди. Ҳозир музокаралар олиб борилмоқда, батафсилроқ маълумот бера олмайман. Агар маълумот берсам, бу музокараларга таъсир қилади. Нуқта ҳали қўйилганича йўқ, музокаралар 8 октабргача давом этади», — деди у «Марал» радиосига берган шарҳида.

Ташиевга яқин бўлган журналист Нурғози Анарқулов протоколни тарихий деб атади ва «қирғиз-тожик чегарасидаги келишмовчиликлар ниҳоясига етди», деди. Унинг сўзларига кўра, ўттиз йил ичида биринчи марта Тожикистон томони барча даъволаридан воз кечган, Қирғизистон томонининг талаблари бажарилган.

ℹ️ Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 976 километр бўлиб, шундан фақат 664 км делимитация ва демаркация қилинган. Баҳсли ҳудудларда икки давлат чегарадошлари ўртасида йўллар, сув ва қуруқликдан фойдаланиш бўйича мунтазам равишда низолар келиб чиқади. Сўнгги пайтларда энг йирик чегара можароси 2022 йилнинг 15-16 сентябрь кунлари содир бўлган. Тўқнашувларда ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлган. 100 га яқин одам ҳалок бўлган, 150 мингдан ортиқ киши уйини тарк этишга мажбур бўлган. Икки кун давомида юзлаб уйлар, жамоат объектлари ва инфратузилмага зарар етказилган, бунинг натижасида кўпчилик уй-жойлари, мол-мулки, озиқ-овқат таъминоти ва яшаш воситаларидан маҳрум бўлган. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблаган.

Можаронинг бир йиллиги пайти, яъни шу йилнинг 15 сентябрида Қамчибек Ташиев «кўплаб қирғиз ерлари Тожикистонга ўтказилгани» ҳақидаги ҳужжатлар топилганини эълон қилди. У Душанбени ҳудудий даъволаридан воз кечишга чақириб, Бишкек «бир неча ўн, ҳатто юз йил аввали Тожикистонга ўтказиб берган ерларини қайтариш имкониятига эга» эканини қўшимча қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди