Тожикистон ҳукумати Берлинда президент Эмомали Раҳмонга қарши намойиш ўтказган мухолифатчиларнинг қариндошларини ҳибсга олди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабар берди.
28 ва 29 сентябрь кунлари Берлинда минтақа давлатлари ва Германия етакчилари иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтган Германия пойтахтида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига қарши сиёсий фаолларнинг ҳаракатлари бўлиб ўтди. Акциялардан бирида Раҳмоннинг рақиблари унинг кортежига тухумлар улоқтиришган.
Бир неча кундан кейин намойиш иштирокчилари Тожикистонда яшовчи қариндошларининг ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. Хусусан, мухолифатчи Шоҳражаб Шоҳимийнинг оила аъзолари Пенжикент ИИБга олиб кетилган.
Тожикистонда фаолияти тақиқланган «24-гуруҳ» аъзоси Дилшод Шарифовнинг отаси ва яна олти нафар қариндоши, шунингдек Бехруз Тағойзода, Муҳаммадсобирий Абдуқаҳҳор, Ҳусайн Ашуров, Убайдулло Саидий ва бошқаларнинг яқинлари ҳибсга олинганини маълум қилди. Ҳибсга олинганларнинг бир қисми сўроқдан сўнг қўйиб юборилган, қолганларининг тақдири ҳозирча номаълум.
«Бизда ҳеч қандай шубҳа йўқки, фаоллар қариндошларининг гаровга олиниши ҳукуматнинг мазкур одамларнинг сиёсий фаолиятига жавоби бўлиб, мақсад — мухолифат вакилларига босим ўтказишдир», — дейилади Тожикистон Миллий альянси (ТМА) хабарида. Альянс бир қанча мухолиф ҳаракат ва ташкилотларни бирлаштиради.
ℹ️ Марказий Осиё-Германия саммити арафасида Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Берлинни минтақа давлатлари президентлари билан учрашувларда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтаришга чақирди.
«Германия Марказий Осиёда етакчи савдо ва сармоявий шерик бўлиб, Европа Иттифоқининг минтақадаги стратегиясининг асосий сиёсий ҳаракатлантирувчиси сифатида муҳим роль ўйнайди. У бу позициядан инсон ҳуқуқларининг асосий стандартларини қўллаб-қувватлаш ва қонун устуворлигини ҳурмат қилиш Европа ва мазкур авторитар давлатлар ўртасидаги ҳар қандай узоқ муддатли ҳамкорлик учун муҳим омил эканини аниқ кўрсатиш учун фойдаланиши керак», — дейилади HRW хабарида.