Хитойликлар Қирғизистондаги учта кўмир конини ўзлаштириш бўйича шартномалар тузди

Ли Цян ва Ақилбек Жапаров. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Энергетика вазирлигига қарашли «Қирғизкўмир» корхонаси Хитойнинг турли компаниялари билан республика ҳудудидаги учта кўмир конини биргаликда ўзлаштириш бўйича учта шартнома тузди. Шартномалар Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цяннинг Бишкекка расмий ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар тўпламига киритилди, деб хабар беради Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Гап шартномалар рўйхатидан қуйидагича «Тегене», «Сулукта-11» ва «Торугарт 1» конлари ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, Хитой ва Қирғизистон конвеерли кўмир логистика маркази қуришга келишиб олди. У Ўш вилоятидаги икки давлат чегарасида жойлашган «Эркаштам» назорат-ўтказиш пункти яқинида қурилади.

Икки давлат ҳукуматлари жами 12 та ҳужжатни имзоладилар, жумладан:

👉 2023-2027 йилларга мўлжалланган трансчегаравий ҳамкорлик дастури;

👉 Қирғизистонда умумий қуввати 3 ГВт гача бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича келишувлар;

👉 Бишкек ва Чэнду шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси ва бошқалар.

Ҳужжатларни имзолаш маросими арафасида Ли Цян ва унинг қирғизистонлик ҳамкасби Ақилбек Жапаров кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Жапаров Хитой Қирғизистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди. Шунингдек, у чегарада қўшимча назорат-ўтказиш пунктини ташкил этиш ва мавжуд ўтказиш пунктларини 24 соатлик иш режимига ўтказишни таклиф қилди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг январь-июнь ойларида хитойлик ишбилармонлар Қирғизистонга 102 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

Сиёсатчи Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши каби қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширишда Хитойдан келган ҳамкорларнинг ролини юқори баҳолади. Бишкек, шунингдек, гидроэлектр станцияларни модернизация қилиш ва мамлакат ичидаги бир қанча объектларда гидроэлектр станциялар каскадларини қуриш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида.

Музокарачилар паритет асосда қисқа муддатли визасиз режимни жорий этиш масаласини муҳокама қилишди. Жапаровнинг қўшимча қилишича, республика бир томонлама тартибда Хитойнинг махсус маъмурий зоналари – Сянган (Гонконг) ва Макаодан мамлакатга кирувчи фуқаролар учун имтиёзли шартларни жорий қила бошлаган.

У меҳмонга қирғизистонликлар хитой тилини фаол ўрганаётгани, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини айтди.

«Қирғизистон ва Хитойни Буюк Ипак йўли даврига бориб тақаладиган кўп асрлик тарих ва маданият боғлаб туради. Ўзаро ҳамкорликнинг узоқ тарихи мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги чуқур ришталар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради», — деди Жапаров.

Ли Цян ўз навбатида, ҳамкасбини ХХР Марказий Осиё республикасининг ишончли ҳамкори бўлиб қолиш билан бирга, давлатлар учун ўзаро манфаатли бўлган ҳар қандай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

«Биз минг йиллик дўстлик ва умумий чегара бирлаштирган нафақат яхши қўшнимиз, балки, авваламбор, биродарлар ва ҳамкорлармиз», — дея хулоса қилди Хитой Давлат кенгаши Бош вазири.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Хитойнинг Эксимбанки қўшнисига 1,7 миллиард доллардан ортиқ қарз берган Қирғизистоннинг асосий кредитори ҳисобланади.Бундан ташқари, маблағнинг катта қисми Алмазбек Атамбаев президентлиги даврида олинган. Қоидага кўра, ХХР 5 йилдан 11 йилгача имтиёзли давр ва йиллик 1,5-2% ставка билан 20 йил муддатга маблағ берган. Бу пулга Бишкек йўллар қурмоқда, электр тармоқлари ва иссиқлик электр станцияларини таъмирламоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди