Қирғизистон МХДҚ «қонундаги ўғри» томонидан собиқ бош вазирга совға қилинган зирҳли машинани мусодара қилди

САПАР ИСОҚОВ (ЧАПДА), МУРАТ РАМОНОВ. "ФАРҒОНА" КОЛЛАЖИ

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Қамчибек Кўлбаев томонидан мамлакатнинг собиқ Бош вазири Сапар Исоқовга совға қилинган зирҳли машина мусодара қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Махсус хизмат хабарига кўра, Кўлбаев ва унга алоқадор шахсларнинг ноқонуний орттирилган мол-мулкини аниқлаш бўйича ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қирғизистон Республикаси фуқароси Рамонов М.Т қўлга олинган. Гап таниқли спортчи Мурат Рамонов – Қирғизистоннинг 12 карра чемпиони, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпионати совриндори, 2016 йилги Рио Олимпиадаси иштирокчиси ҳақида кетмоқда.

Аниқланишича, Рамонов жиноий авторитетнинг жиноий йўл билан қўлга киритган мол-мулкини ўз номига расмийлаштириб, сўнгра уларни айрим сиёсатчиларга ўтказиб берган. Улар орасида 2017 йил августидан 2018 йил апрелигача Қирғизистон Бош вазири лавозимида ишлаган Сапар Исоқов ҳам бор бўлган. 2018 йил май ойида Исоқов коррупцияда айбланган, 2019 йил декабрида у 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ 2020 йил октабрь ойида озодликка чиққан.

«2020 йил октабрь ойида Рамонов озодликка чиққан Қирғизистон Республикасининг собиқ Бош вазири Исоқовга 2015 йилда ишлаб чиқарилган зирҳли Mercedes-Benz S600 русумли автомашинани топширган. Бундан ташқари, 2020 йил 5 октабрь куни Исоқов маълум сиёсатчилар билан биргаликда ушбу автомобилдан марказий Ала-Тоо майдонида оммавий тартибсизликлар уюштириш мақсадида фойдаланган», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Зирҳли машинанинг нархи 600 минг долларга баҳоланмоқда.

ℹ️ 49 ёшли Қамчибек Кўлбаев («Коля-қирғиз») Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири эди. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган. Қўлбаев 4 октабр куни Бишкекда хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди