Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказишга уринган юзга яқин одам пойтахт ички ишлар бўлимига олиб кетилди

Ижтимоий тармоқдаги видеодан кадр

29 октабрь куни Тошкент ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича рухсат этилмаган митингда қатнашиш ниятида бўлган юзга яқин одамни пойтахт ИИБга олиб кетишган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Митинг ҳақидаги хабар бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган. Ташкилотчилар фуқароларни 29 октабрь куни соат 14:00 да Амир Темур ҳиёбонида йиғилишга чақиришган. Акцияда иштирок этиш учун пойтахт марказига нафақат тошкентликлар, балки қўшни вилоятлар аҳолиси ҳам етиб келган. Одамлар кичик гуруҳлар бўлиб тўпланишган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари бўлажак тадбирга ҳозирлик кўришган: ҳиёбон ва унинг атрофида ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари туришган, мазкур идораларнинг автомашиналари ва автобуслари кўрга ташланган.

Кўп ўтмай, митингда иштирок этиш учун майдонга келган деярли барча фуқаролар – 100 дан ортиқ киши ички ишлар бўлимларига олиб кетилиб, улар билан суҳбат ўтказилган. «Газеты.uz» манбасига кўра, қўлга олинганлар бу ҳаракат уларга қандай ёрдам беришини тушунмасалар ҳам, улар ҳиёбонга фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун келганликларини айтишган. Айримлар Яқин Шарқдаги можаронинг моҳиятидан бехабар эканликларини тан олишган.

Натижада олиб келинганларнинг аксарияти озод этилган, айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказиш тартибини бузиш») бўйича маъмурий баённомалар тузилган. Ушбу модда 60 дан 80 базавий ҳисоблаш миқдорида жарима (1 БҲМ 330 минг сўм, 27 АҚШ доллари эквиваленти) ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жазони назарда тутади. Материаллар судга тақдим этилган.

Бир кун олдин қўшни Қирғизистонда Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича митинг бўлиб ўтган эди. Sputnik.kg хабарига кўра, Бишкек Горький боғидаги акция «Эрк» партияси томонидан ташкил этилган, унинг етакчиси Турсунбай Бакир Улуу йиғилганлар олдида сўзлаган. Митингда 700 га яқин одам қатнашган. Улар «Ғазо секторидаги геноцидни тўхтатиш» ва «Исроил компанияларини бойкот қилиш»га чақиришган.

Бу Фаластин тарафдорларининг Қирғизистонда ўтказилаётган биринчи митинги эмас эди. Аввалгиси 21 октабрь куни бўлиб ўтган ва унга юзга яқин киши ташриф буюрган.

ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракета ҳужумларини уюштиришди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб киришди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.

Исроил расмийларига кўра, Ҳамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улар орасида 40 дан ортиқ давлат фуқаролари ҳам бор бўлган, 229 киши террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг жавоб ҳужумлари анклавнинг 8000 дан ортиқ аҳолиси ўлимига сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди