Жапаров Қирғизистон пойтахти мэри ва ўзининг матбуот котибини алмаштирди

Эмилбек Абдиқодиров (чапда) ва Айбек Жунушалиев. economist.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 31 октабрь куни Эмилбек Абдиқодировни бошқа ишга ўтгани муносабати билан Бишкек мэри лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Шу куни давлат раҳбари авваллари ушбу лавозимга ишлаб келган 47 ёшли Айбек Жунушалиевни Қирғизистон пойтахти мэри этиб тайинлаш тўғрисида қарорга имзо чекди. 2021 йил августида у Бишкек мэри вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, кейин эса тасдиқланган ва 2022 йил февраль ойи охиригача ушбу лавозимда ишлаб келган. Жунушалиев ҳокимликдан озод этилганидан кейин ва шу кунга қадар Президент ва ҳукумат қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармасига раҳбарлик қилган.

ℹ️ Эмилбек Абдиқодиров, Kloop.kg хабарига кўра, 2016 йилдан буён «Нур Строй Монтаж» қурилиш компаниясини бошқариб келган. Турли вақтларда у жамоатчилик асосида Бош вазир Джоомарт Оторбаевнинг маслаҳатчиси, Давлат архитектура ва қурилиш агентлиги директори ўринбосари ва Бишкек мэрининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Шу йилнинг июнь ойида Абдиқодиров 65 ёшга тўлган. «Давлат фуқаролик хизмати ва муниципал хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 2-бандига кўра, бу давлат хизмати ва муниципал хизматда қолишининг энг юқори ёши ҳисобланади. Kaktus.media президент маъмуриятига давлат раҳбари ушбу қонун асосида бошқа шаҳар ҳокимини тайинлашни режалаштиряптими, деган савол билан мурожаат қилди. Маъмурият «Маҳаллий давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 47-моддасида белгиланган пойтахт ҳокимини эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш учун асослар рўйхатида чегаравий ёшга тўлганидан кейин ишдан бўшатиш тўғрисидаги банд кўзда тутилмаганлигини маълум қилди.

Kaktus.media хабарига кўра, Абдиқодиров мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Архитектура, қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш давлат агентлиги директори лавозимини эгаллайди

✅ Шу куни, 31 октабрда Садир Жапаров ўзининг матбуот котиби Эрбол Султонбаевни Қирғизистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси ва шу билан бир қаторда Қирғизистон Республикасининг Мустақил давлатлар Ҳамдўстлигидаги Доимий вакили этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бошқа фармон билан у Аскат Алагозовни президент матбуот котиби этиб тасдиқлади.

Алагозов бу лавозимга тайинлангунга қадар президент администрацияси матбуот хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Илгари у «Пирамида» телеканалини бошқарган, шунингдек «5 канал»да продюсер бўлиб ишлаган.