Қирғизистон муфтияти ватандошларни Фаластинда жиҳод қилиш ғоясидан воз кечишга чақирди

ҚМДБ уламолар кенгаши. Қирғизистон муфтияти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ ёки муфтият) ватандошларини Фаластинда жиҳод қилиш ғоясидан воз кечишга чақирди, чунки бу шариат қоидаларига тўғри келмайди, деб хабар беради диний бошқарма матбуот хизмати.

Бошқарманинг таъкидлашича, уламолар кенгаши ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган Исроилга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш чақириқларини ўрганиб, фаластинликларга ёрдам маънавий ва моддий бўлиши керак, деган қарорга келган.

«Биз ҳиссиётга берилган ҳолда ёки ҳар қандай уюшган гуруҳлар билан жиҳод қилиш ниятида Фаластинга ташриф буюриш шариат қоидаларига тўғри келмайди, деб ҳисоблаймиз», — дейилади муфтият баёнотида.

Шу билан бирга, муфтият Уламолар кенгаши Исроилнинг Фаластин тинч аҳолисига қарши ҳарбий ҳаракатларини қоралаб, уларни инсониятга қарши жиноят деб атади.

Диний бошқарма жума намозида қатнашаётган, масжид ва мадрасаларга ташриф буюрадиган қирғизистонликларни фаластинликлар учун дуо қилишларини яна бир бор сўради.

«Моддий ёрдам кўрсатиш ҳозирги шароитда шариат бизга қўяётган асосий талабдир», — дея хулоса қилди бошқарма.

Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам ватандошларни Исроил ва ҲАМАС радикал гуруҳи ўртасидаги ҳарбий можарода иштирок этиш учун Ғазо секторига боришдан тийилишга чақирган эди. Шу билан бирга, хавфсизлик кучлари республика Жиноят кодексида ўн йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ёлланиш моддаси борлигини эслатди.

ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракеталар ҳужуми уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.

Исроил расмийларига кўра, Хамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ фуқаро террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 ноябрь куни берган маълумотларига кўра, бу ҳудудда 9,5 мингга яқин аҳоли можаро қурбони бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди