Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида яна юзлаб юк машиналари тирбандлиги пайдо бўлди

24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ак-Тилек-автодорожный» назорат-ўтказиш пунктида транспорт воситалари ва юкларнинг тўпланиб қолганлиги қайд этилди, деб хабар беради Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати.

20 ноябрь куни соат 11:00 ҳолатига кўра, назорат-ўтказиш пункти олдида чегара назоратидан ўтиш учун 500 та юк машинаси навбатда турган. Кейинги 24 соат ичида Қирғизистондан Қозоғистонга 280 та машина ўтган. Чегара хизматининг таъкидлашича, юк машиналарининг тўпланиши «мавсумий бўлиб, Қирғизистон Республикасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ истеъмоли товарлари экспортининг кўпайиши билан боғлиқдир».

Шу билан бирга, назорат пунктидан ҳайвонлар ва тез бузиладиган маҳсулотлар ортилган юк машиналари навбатсиз ўтади.

«Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматидан ҳам, Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматидан ҳам юк ташувчи транспорт воситаларига ҳеч қандай чекловлар йўқ. Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали ўтадиган барча назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда», — дея таъкидлайди Қирғизистон департаменти.

Аммо кейинроқ бу маълумотга аниқлик киритиб, Ташқи миграцияни рўйхатга олиш ягона тизими (ТМРО) янгиланиши муносабати билан бугун соат 13:30 дан 15:00 гача Қирғизистон-Қозоғистондаги «Ак-Жол-автодорожный» назорат-ўтказиш пунктида одамлар, транспорт воситалари ва юкларнинг ўтиши тўхтатилади.

Бир ой аввал Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида ҳам мавсумда экспорт ҳажми ошгани сабаб тирбандлик юзага келгани хабар қилинган эди. Ўшанда 400 дан ортиқ юк машинаси навбатда турган. Август ойида «Ак-Тилек-автодорожный» назорат-ўтказиш пункти олдида ҳам худди шундай тирбандлик кузатилган. Шундан сўнг Қозоғистон томони юкларни текширишни кучайтиришни наркотик моддалар контрабандасига чек қўйиш билан боғлаганди. Аммо қатор оммавий ахборот воситалари Остона санкциялардан қўрқиб, юк машиналарини синчиклаб текшира бошлаганини тахмин қилишди (гап шундаки, Қозоғистон Ўзбекистон ва Қирғизистондан Ғарб давлатларининг санкциялари остида бўлган Россияга юк транзитида монополияга эга).

Икки давлат чегарасида тирбандлик кучайиб бораётгани муносабати билан Қирғизистон аввалроқ Қозоғистонни четлаб ўтиб Россияга жанубий транспорт йўлагини ривожлантиришни таклиф қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди