ОАВ: Аркадагнинг 2018 йили АҚШга тўрт кунлик сафари Туркманистонга 1 миллион долларга тушган

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг БМТ Бош ассамблеяси 73-й сессиясида чиқиши. tdh.gov.tm сайти фотосурати

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг (Аркадаг) 2018 йили АҚШга сафари учун 1 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Бу ҳақда вазирликлар биридаги манбасидан президентнинг 2018 йил 8 августдаги 637-сонли фармонини қўлга киритган Turkmen.news мустақил нашри хабар берди.

Ўша пайтда мамлакат президенти бўлган Бердимуҳамедов БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка ташриф буюрган. Иш сафари тўрт кун давом этган.

Бу даврда Аркадаг бир кечаси 45 минг доллар турадиган апартаментда яшаган.

Бердимуҳамедов ва Туркманистон делегацияси аъзоларини ҳимоя қилиш учун худди шу меҳмонхонада тўрт куни 2250 долларга тушадиган 19 та бир кишилик хона, етти куни 1250 доллар бўладиган 18 та бир кишилик хона ва саккиз куни 550 долларлик ўнта бир кишилик хона ижарага олинган.

Алоҳида сметаларга кўра, «қўшимча меҳмонхона хизматлари» 60 минг долларга ва «мўътабар харажатлар» 21 минг долларга тенг бўлган. Автомобиль ижараси учун 205 минг доллардан ортиқ маблағ сарфланган.

Биргина президент аппарати хизмат сафарига жами 839 357 доллар ажратилган.

Яна 131 250 доллар Туркманистон вазирлик ва идоралари ходимларини жойлаштириш учун хонаси кунига 1250 доллар бўлган 15 та меҳмонхонани ижарага олишга сарфланган. Парвоз экипажининг 12 аъзоси учун турар жой нархи 109 300 долларни ташкил этган; делегация аъзоларини Қўшма Штатларга олиб келган самолёт экипаж аъзолари 5-7 кун давомида бир кечаси 1450 доллар турадиган хоналарга жойлаштирилган. Бу суммага хоналарга багаж етказиб бериш ва ҳаммоллар хизматлари учун 2000 киритилган.

«Шундай қилиб, Гурбангули Бердимуҳамедов ва бошқа расмий шахсларнинг хизмат сафари учун жами 1 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланган ва бу суммага Нью-Йорк аэропортида керосин сарфи ва самолётларнинг у ерда туриши харажатлари кирмайди», — дея хулоса қилади Turkmen.news.

Нашрнинг ёзишича, «бу даражада сарф-харажатлар Туркманистон президенти учун норма ҳисобланади. Шундай қилиб, бошқа ҳужжатга кўра, 2015 йили Нью-Йоркка навбатдаги ташрифи чоғида Бердимуҳамедовга бир кечаси 28,3 минг долларлик апартамент учун пул тўланган».