Қирғизистон суди пенсионерни «ҳокимиятни эгаллаб олишга оммавий чақириқлар» қилгани учун жаримага тортди

Салия Таштанова. Kaktus.media сайти фотосурати

Жалолобод вилоят суди пенсионер Салия Таштановани 50 минг сўм (562 доллар) жарима тўлашга ҳукм қилди. Бу ҳақда Kaktus.media хабар берди.

Суд мажлиси 22 ноябрь куни бўлиб ўтган. Тошкўмир шаҳрида яшовчи 75 ёшли аёл (бошқа маълумотларга кўра, у 70 ёшда) Қирғизистон Жиноят кодексининг 327-моддаси («Ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга оммавий чақириқ») бўйича айбдор деб топилган.

Салия Таштанова 6 октябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари томонидан қўлга олинган. «Азаттик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) адвокат Тўқтосун Жўробековга таяниб, ҳибсга ижтимоий тармоқлардаги пост сабаб бўлганини хабар қилади.

«Адахон Мадумаров ҳибсга олинганидан кейин у президент ва [Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари] Қамчибек Ташиевга мурожаат қилиб, Қирғизистонда нархлар ошганини, адолат йўқлигини айтган. Шундан сўнг «президент, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси обрўсига путур етказиш ва халққа мурожаат қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган», — дейди адвокат.

17 октабрь куни Жалолобод шаҳар суди Таштановани уй қамоғига юборган.

Бир йил аввал Таштанова Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши акцияда қатнашган эди.

«Биз қирғиз ерларининг бир метрини ҳам бермаймиз. Қамчибек Ташиев ва [Қирғизистон Президенти] Садир Жапаров чегара муаммоларини ҳал қила олмасалар, унда улар кимга керак? Қамчибек Ташиев эплай олмаса кетиши керак», — деган Таштанова.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг айрим аҳолиси сув омбори берилишига қарши чиқишган. Уларнинг бир қисми Кампир-Обод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишган. 23 октабрь куни қўмита аъзоларининг аксарияти қўлга олиниб, кейин ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинмоқда ва 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Халқаро ҳуқуқ фаолларига кўра, Кампир-Обод иши Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига тўғри келмайдиган процессуал қонунбузарликлар билан тўла.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ