HRW: Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ногирон қирғиз аёлларига нисбатан зўравонликни жиддий қабул қилишмайди

24.kg сайти фотосурати

Қирғизистондаги ички ишлар органлари ва судлари ногирон аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларни кўпинча эътиборсиз қолдирадилар ёки уларга аҳамият бермайдилар. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти «Қариндошларнинг шафқатсиз муносабати давлат томонидан эътиборга олинмайди» ҳисоботида қайд этилган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, Қирғизистонда ногирон аёллар ва қизлар зўрлаш, калтаклаш, эътиборсизлик ва камситиш каби зўравонликка дучор бўлишади.

«Оиладаги зўравонликка қарши кураш узоқ вақтдан бери Қирғизистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти учун устувор масала бўлиб келган, бироқ қонунлар ногирон аёллар ва қизларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олмайди, бу уларни кейинги зўравонлик хавфи остида қолдиради», — дейди маъруза муаллифи, HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Синат Султаналиева.

HRW таҳлилчилари 56 ногирон оиладаги зўравонлик қурбонлари, шунингдек, Қирғизистоннинг учта вилоятидаги жамоат раҳбарлари ва экспертлари билан суҳбат ўтказдилар ва ногирон қизларнинг оила аъзолари, шериклари ёки собиқ ҳамкорлари томонидан содир этилган узоқ муддатли жисмоний, психологик, жинсий ва иқтисодий зўравонлик ҳолатларини ҳужжатлаштирдилар. Бундай ҳолатлар кўпинча кенг тарқалган дискриминация туфайли билдирилмайди.

Ногиронлар зўравонлик борасида шикоят қилишса, зўравонлар ёки ҳатто ўз оилалари томонидан босимга дуч келишлари мумкин. Полиция ва судлар «бундай ишларни жиддий қабул қилмайди».

«Улар (тергов идоралари) шунчаки бу [ишни] қўзғатмасликка қарор қилишади, чунки жиноятчи қизнинг ўзи ҳаммасини уйдирган деб даъво қилиб, ҳамма нарсани рад этади. Қишлоқдагилар эса унга ишонишади, чунки қиз [таълим олишга яроқсиз]» — деди HRWга уйдаги зўравонлик бўйича ихтисослашган адвокат.

Ҳуқуқ фаоллари Қирғизистонга:

👉 ногиронлар ҳуқуқлари ва оиладаги зўравонлик бўйича миллий қонунчиликни 2019 йили ратификация қилинган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва 1997 йили ратификация қилинган БМТнинг аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига мувофиқлаштириш,;

👉 ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловга эришиши учун шароит яратиш;

👉 ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ходимларини ногирон аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликни тан олиш ва уларга қарши курашиш, шунингдек, мазмунли тергов ва жиноий жавобгарликка тортишни таъминлаш тартиб-қоидаларини ўргатиш;

👉 зўравонлик қурбонларининг уй-жой, соғлиқни сақлаш ва психологик-ижтимоий ёрдам каби асосий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш;

👉 ўзларини зўравонликдан ҳимоя қилиш ва адолатга интилиш ҳақидаги маълумотларга қулай форматларда, жумладан Брайл алифбоси, имо-ишора тили ва ўқилиши осон бўлган материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

👉 оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам беришда ўзак бўлиши мумкин бўлган ногирон аёллар ва қизларнинг таълим олиши ва молиявий мустақиллигини ошириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.

«Қирғизистон ҳукумати ногирон аёллар ва қизларга нисбатан камситиш ва зўравонлик одатий ҳолга айланишига қарши кураш олиб бориши керак.

Ҳокимият ўз қонунларини қайта кўриб чиқиб, ногирон аёллар ва қизларнинг ҳақиқатда зўравонликдан холи, жумладан, ўз уйларида яшашини таъминлаши керак», — дейди Султаналиева.

ℹ️ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Халқаро ногиронлар куни муносабати билан қилган мурожаатида бугунги кунда мамлакатда 212 минг нафар ногиронлиги бўлган фуқаро, жумладан, 37 минг нафардан ортиғи болалар яшаётганини айтди. Президент давлат томонидан уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинаётганига ишонтирди. «Имконияти чекланган ватандошлар эҳтиёжини қондириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг муҳим вазифалардан биридир», – деди Жапаров.

Унга кўра, «ногиронларга кўрсатилаётган ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш учун максимал шарт-шароит яратиш» бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат ногиронлар мамлакатнинг тўлақонли фуқароси эканлиги тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилмоқда, деди президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди