Ташиев: Ўзбекистонда қирғизистонлик депутатга нисбатан фирибгарликка доир иккинчи жиноий иш очилди

Эмил Жамғирчиев (чапда) ва Салим Абдувалиев. Kaktus.media сайти фотосурати

Ўзбекистонда Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеши депутати Эмил Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев парламент йиғилишида маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

Ташиевнинг сўзларига кўра, сўроқ пайтида ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиев «Қирғизистон расмийлари орасида тартиб ўрнатиш учун ёрдам сўраган» Жамғирчиев билан учрашганини тасдиқлаган.

«Салимбой ўзининг авторитети Қирғизистонга ёйилмаслигини айтган. Кейинчалик маълум бўлишича, Жамғирчиев Абдувалиевнинг ёрдамчисини алдаб кетган. Меҳмонхонада бир неча кун яшаб, пулини тўламай кетиб қолган.

Шу боис Ўзбекистон иккита иш очди: бири «Фирибгарлик», иккинчиси – «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддаси бўйича», — деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Аввалроқ Абдувалиев билан учрашиш учун Жамғирчиев Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини икки марта ноқонуний кесиб ўтгани хабар қилинганди. 2023 йил декабрь ойи охирида Қирғизистон Бош прокуратураси парламентга Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик сўраб тақдимнома юборган. 10 январь куни депутатлар буни маъқуллаб овоз беришган. Бироқ, бир кун аввал Жамғирчиев парламент биносининг иккинчи қаватидаги дерезадан сакраб қочиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ