Марказий Осиё давлатлари «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлади

Лай Циндэ. EPA фотосурати

Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари Тайванда 13 январь куни бўлиб ўтган сайловлардан сўнг «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлаганликларини билдиришди.

««Ягона Хитой» тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашимиз ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайвань эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

«2024 йил 13 январда Хитой Тайванида бўлиб ўтган сайловлар муносабати билан Тожикистон «ягона Хитой» сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлайди ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматини барча мамлакатларнинг ягона қонуний ва вакиллик ҳукумати деб билади. Тайванни Хитой ҳудудининг ажралмас қисми сифатида тан олган Тожикистон ушбу дўст мамлакат ички ишларига ташқи аралашувнинг ҳар қандай уринишларга қатъий қарши чиқади», — дея таъкидлайди Тожикистон ҳукумати.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги бирлашган Хитойни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Низомига ишора қилади, унинг асосий тамойилларидан бири давлатлар ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишдир.

Қозоғистон, шунингдек, ХХР ҳукуматининг «мамлакатни тинч йўл билан бирлаштиришга эришиш» саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ХХРнинг ўзи «ягона Хитой» тамойили Тайвань бўғози минтақасида тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам лангари бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди.

«Биз халқаро ҳамжамият ягона Хитой тамойилига амал қилишда давом этишига, «Тайвань мустақиллиги»га эришиш йўлидаги айирмачилик ҳаракатига қарши чиқишига ва миллий бирлашишга интилишда Хитой халқининг адолатли ишини тушуниб, қўллаб-қувватлашига ишончимиз комил»дея Хитой Халқ Республикаси ТИВ маълумотига асосланиб, «Женьминь Жибао» хабар беради.

ℹ️ Тайвань 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, ўша пайтда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин у ерга қочиб ўтган, деб эслатади ТАСС. Пекин Тайванни ХХР провинцияларидан бири деб билади.

13 январь куни Тайванда президент ва қонун чиқарувчи юан (парламент) депутатлари учун сайловлар бўлиб ўтди. Юқори лавозим учун курашда 40,05% овоз билан ғалабани Тайвань мустақиллиги тарафдори бўлган орол маъмурияти раҳбарининг амалдаги ўринбосари Лай Циндэ қўлга киритди. Лай Циндэ Хитой ҳарбий агрессияси содир бўлган тақдирда оролни ҳимоя қилишга ваъда берди, бироқ Пекин билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигига ишонтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ